2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида

0
394
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассисларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда сон ва таълим йўналишлари уйғунлигига эришиш, олий таълим муассасалари битирувчилари меҳнатидан тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфелларини инобатга олган ҳолда фойдаланишни яхшилаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:
 
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида:
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 июндаги “Республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларини шакллантириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2360-сонли қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига бўлган талаби параметрларининг баланс ҳисоб-китоби ишлаб чиқилди;
 
аниқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган талаб-эҳтиёж, шунингдек, битирувчиларнинг танланган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги маълумотлари асосида 2018/2019 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари шакллантирилди.
 
2. 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота:
 
1-иловага мувофиқ бакалаврлар учун 69 200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 17 654 нафар ва тўлов-контракт асосида – 51 546 нафар;
 
2-иловага мувофиқ магистрлар учун 5 903 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1 552 нафар ва тўлов-контракт асосида – 4 351нафар;
 
3-иловага мувофиқ махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар учун 11 765 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 15 нафар ва тўлов-контракт асосида – 11 750 нафар этиб белгилансин.
 
3. 2018/2019 ўқув йилида қабул қилиш квоталари:
 
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали учун – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3702-сонли қарори билан;
 
Самарқанд ветеринария медицинаси институти учун – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3703-сонли қарори билан;
 
Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали ва Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали учун – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Тошкент давлат аграр университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3704-сонли қарори билан;
 
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети учун – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3737-сонли қарори билан тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2018/2019 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига ўткир талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш бўйича таклифи 4-иловага мувофиқ қабул қилинсин.
 
5. Белгилансинки, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари доирасида амалга оширилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини тўлақонли ташкил этиш учун “Мактабгача таълим” бакалавриат таълим йўналишининг малакавий талаблари, ўқув режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлигининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига ўқишга қабул қилишни қайтадан тиклаш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги 2018 йил 1 июлгача Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг ўқув бинолари, лабораториялари ва талабалар турар жойларини янги 2018/2019 ўқув йилига тайёрлаш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишларини якунласин, шунингдек, уларни зарур ускуналар билан жиҳозласин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
 
бакалавриат таълим йуналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш параметрларига ўзгартиришлар киритиш;
 
янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ҳамда магистратуранинг қабул квоталарига ўзгартиришлар киритиш;
 
иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжларини қондириш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш.
 
8. Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда уч ҳафта муддатда тасарруфидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўйича давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида ўринлар квотасини таълим тилларига қараб тақсимлашга оид таклифларни Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
 
“Ўзстандарт” агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда бир ой муддатда янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари юзасидан Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин;
 
икки ой муддатда янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малакавий талаблар, ўқув режалари ҳамда дастурлар ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда икки ой муддатда республика олий таълим муассасалари рейтингини ҳар йили аниқлаш миллий тизимини рейтингнинг устувор кўрсаткичларини белгилашда кадрларга асосий буюртмачиларнинг – вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг талабларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда кадрларнинг асосий буюртмачилари билан биргаликда олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларини 5 йилда бир марта аттестациядан ўтказсин ва натижалари бўйича ушбу бакалавриат таълим йўналиши бўйича белгиланган талабларга жавоб бермайдиган мутахассислик кафедрасининг фаолиятини тугатиш ҳақида таклифлар киритсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018/2019 ўқув йилида давлат грантлари асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган квоталарни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, Молия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 июлгача ўқитишга сарфланадиган жами харажатлардан келиб чиққан ҳолда қиймат миқдорини аниқлашни назарда тутадиган, олий таълим муассасаларида талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини аниқлаш механизмини такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки бўлимларига қабул квоталари юзасидан, салоҳиятли истеъмолчилар талабларини ҳисобга олган ҳолда, Давлат комиссиясига эҳтиёж юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишлари кесимида асосланган таклифлар киритсин.
 
Белгилансинки:
 
олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим бўлимларига умумий қабул квота республика олий таълим муассасалари бакалавриатига 2018/2019 ўқув йили учун тасдиқланган умумий қабул квотасининг 30 фоизигача бўлган миқдорида белгиланади;
 
олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим бўлимларида ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
 
олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим бўлимларида ўқитиш қиймати тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги ўқитиш шакли қийматидан кам бўлмаган миқдорида белгиланади.
 
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
кадрлар буюртмачилари билан биргаликда ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режалари ҳамда дастурларини меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган замонавий фанлар киритган, ишлаб чиқариш ва реал иқтисодиёт тармоқларида инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилишни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин.
 
15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасалари таълим жараёнига хорижий етакчи олимлар, мутахассис-амалиётчилар ва юқори малакали ўқитувчиларни тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича дарс машғулотларини ўтказишга жалб этиш чораларини кўрсин.
 
16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача:
 
кадрлар буюртмачилари рўйхати ва 2018/2019 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга қабул қилинган ва ўзи томонидан тақсимланган талабалар сонини;
 
2018/2019 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга қабул қилинган талабаларнинг амалиёт ўташ объектлари рўйхатини Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин.
 
17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳайъатлари амалиётига:
 
олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат фаолияти давомида уларнинг билим ва кўникмаларида кузатилган камчиликларни иш берувчилар иштирокида ҳар чоракда камида бир марта муҳокама қилиш;
 
ҳар йил якуни бўйича, лекин кейинги йилнинг февраль ойидан кечиктирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплексига тайёрланаётган кадрлар малакасидаги камчиликлар тўғрисидаги умумлаштирилган таҳлилий ахборот, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича тавсия ва таклифлар тақдим этиш киритилсин.
 
Ушбу банд ижросининг назорати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3151-сонли қарорига мувофиқ олий таълим муассасалари бириктирилган Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
 
18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
 
19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш.Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 4 июнь
 

Манба: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.