Ахборот технологиялари асрида интернет глобал тармоғидан ҳар ким турлича мақсадларда фойдаланади. Эзгу ниятли кишилар дунё илмидан бохабар бўлиш, мутолаа қилиш учун ҳаракат қилади. Баъзилар эса ғийбат-у бўхтон ёйишни хуш кўради. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган «қаҳрамонимиз» Ихтиёрдек ўз йўлидан адашган чала савод йигитлар ўргимчак тўрига илинади. Чунки, мақсади илм исташ эмас, осон пул топишдир. Шу мақсадда ўзга юртларга йўл олади. Пул топаман ва дунё кўраман дея орзу қилишади. Зеро, халқимизда «ялтираб кўринган ҳар нарса тилло бўлавермайди» деган матал борлигини унитишади.
Йигирма бир ёш йигит киши умрининг авжи гуллаган, куч-ғайратга тўлган палласи. Юрт мудофасида хизмат қилиб, йигитлик бурчини ўтаб қайтадиган, куч-қувватини мамлакат гуллаб-яшнашига сарф қиладиган давр. Ихтиёр эса айни шу ёшда оқни қора деб хўракка айланди.
Хўш воқеа нимадан бошланди? Асли қашқадарёлик Ихтиёр Қурбонов (исми ўзгартирилди) ишлаш мақсадида Москвага боради. У ерда бир муддат ишлайди, аммо иш ҳаққини ўз вақтида ололмагач, Москванинг чекка посёлкасидаги қурилиш фирмасига ишга ўтади. Шу ерда у Абдукарим исмли асли қирғизистонлик киши билан танишиб қолади. Унинг наздида Абдукарим ҳаётнинг “аччиқ-чучуг”ини кўрган, айниқса “диний илми” юксак вазмин киши сифатида намоён бўлади. Муслимлик асли нима эканини англаб етмаган Ихтиёрни у аста-секин ўз измига солади. Ўзбек тилини яхши биладиган “янги дўст” Ўзбекистондаги сиёсатни ҳам гўёки яхши биларди. Сизларда диний эркинлик йўқ дея турли бўхтонларни қулоғига қуяди. Бу нарсаларни яхши билмаслигини айтган Ихтиёрни ўзининг амри-маъруфларига таклиф қилади. Тез орада яхшигина диний савод чиқариб ўзи ҳам “муллавачча” бўлиб қолади.
У ижтимоий тармоқларда саҳифа очиб, ушбу билимларини дўстлари билан бўлиша бошлайди.
Абдукарим икки- уч кишини жиҳод қилиш учун Сурияга чиқариб юбориши кераклигини, маълум вақт кўриша олмаслигини айтади, Ихтиёр бу ерда бошқа топшириқни бажариши лозимлигини, кейинги гал алабатта ўз сафдошларини кенгайтирса «мўъжиза дунёга» бирга боришини тушунтиради. Ихтиёрни янги мамлакатни кўриш орзуси тинч қўймайди. У ақидапарастлик ва фундаминтализм ғояларини тарғиб қилиш ва жиҳодга чиқишга даъват этиш билан шуғулланувчи виртуал жамоат аъзолари билан ёзишмаларни кўрсатмага асосан янада кучайтириб юборади.
Ягона дунёвий давлат қуриш, террорчилик ташкилотининг махсус ҳарбий мужоҳидлик ўқув базаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиш тўғрисидаги даъватларни интернет орқали тарқатиш билан шуғулланади. Шунингдек, Ўзбекистон сиёсатини қоралаш, аёлларни ҳижобга қайтариш каби бир қанча аудио ва видео файлларни тарқатиш билан шуғулланиб келади. Бу орада у ўзбекистонлик И. Наимов(номи ўзгартирилган) билан ёзишмалар олиб боради ва яқинда Ўзбекистонга мужоҳидлар ҳужум қилиши бу пайтда ичкаридан ёрдам зарурлигини, ғалабага оз қолганлигини таъкидлайди. Ўзи ҳам бир неча ўзбек сафдошлари билан Афғанистондаги лагерларида ўқув машғулотлари ўтказаётганини айтади.
У ота-онам ака- укаларим нафас олаётган юртга, киндик қоним тўкилган Ўзбекистонимга хиёнат қиляпман деган фикрларни ўйлаб ҳам кўрмайди. Аксинча, қора ниятини тезроқ амалга ошириш мақсадида Ўзбекистондаги ҳали “хом” сафдошларини янада «юксалтириш» учун она тупроққа қадам қўяди. Ўзбекистон чегарасида эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар унинг қилмишидан ғафлатда эмаслигининг гувоҳи бўлади.
Суд Ихтиёр Қурбоновга оид жиноят ишини кўриб чиқаркан, террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун ўқувдан ўтиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланиш мақсадида шахсларни ёллаш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Кониституцияга хилоф равишда ўзгартиришга интилувчи гуруҳларда иштироки, қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган шахсларни ҳокимиятдан четлатишга интилиш, ўзбек миллий қадриятларига ёт ақидаларни тарғиб этишга уриниш каби жиноятлар содир этганликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум этилади.
Бу воқеа ҳамма ёшларни бирдек ҳушёрликка чорлаши лозим. Тенгдошларимга айтар сўзим шуки, ўргимчак уяси -интернет олдида ўтириб вақт сарфлагандан кўра китоб мутолаа қилинг. Мақсадни ёшликдан тўғри ола билинг. Ўткинчи ҳаю ҳавасларга берилманг.
Зеро, алломалар таъкидлаганидек:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир ДУНЁ.
Камола ҲАТАМОВА, талаба