Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда ҳудудлардаги газ қуйиш шохобчаларида сотилаётган метангаз нархларини таҳлил қилишда давом этади.
Газ қуйиш шохобчаларида нархларни ўзбошимчалик билан кўтарган, улар ўзлари хоҳлаган нархларини қўйиб сотаётгани ЎзА ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда ўтказган таҳлили фош этгани ҳақида хабар берган эдик.
Таҳлилий материал эълон қилинганидан сўнг, Давлат рақобат қўмитаси, “Ўздавнефтгазинспекцияси” ва давлат солиқ хизмати органлари қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида газ-заправкаларда нархлар устидан қатъий назорат ўрнатди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархи асосиз оширилгани аниқланиб, мамлакатимизда сиқилган газ (метан) нархлари пасайтирилди. Бироқ шунга қарамай баъзи ҳудудларда ўзбошимчалик билан белгиланган нархлар ҳамон учрамоқда.
ЎзА Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаларидаги 1м/3 газнинг сотилиш нархини яна ўрганиб чиқди.
Унга кўра, Республика бўйича автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаларидаги 1м/3 газнинг сотилиш нархи қуйидагича:
- Қорақалпоғистон Республикасида 1800 сўмдан 2200 сўмгача;
- Тошкент шаҳрида 1900 сўмдан 1950 сўмгача;
- Андижон вилоятида 1900 сўмдан 2000 сўмгача;
- Наманган вилоятида 1690 сўмдан 1800 сўмгача;
- Фарғона вилоятида 1800 сўмдан 1950 сўмгача;
- Сирдарё вилоятида1700 сўмдан 1800 сўмгача;
- Жиззах вилоятида 1900 сўм;
- Самарқанд вилоятида 1800 сўмдан 2000 сўмгача;
- Бухоро вилоятида 1700 сўмдан 2100 сўмгача;
- Навоий вилоятида 1900 сўмдан 2000 сўмгача;
- Қашқадарё вилоятида 1900 сўм;
- Сурхондарё вилоятида 1900 сўмдан 2000 сўмгача;
- Хоразм вилоятида 1900 сўм;
Энг арзон автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаларидаги 1м/3 газ нарх Наманган вилояти Наманган шаҳридаги “Эзгу ният сари” МЧЖ ҳамда “Эзгу ният” МЧЖда экани аниқланди. Яъни нарх 1690 сўм.
Энг қиммат нархлар эса Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги “Автодакар” МЧЖ (2200 сўм), Бухоро (2100 сўм), Сурхондарё, Навоий, Самарқанд, Андижон вилоятларида (2000 сўмгача).
Маълумот учун: 16 ноябрга қадар газ-заправкаларга етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи – 789 сўм 74 тийин (бунинг 289,74 тийини – табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми – махсус инвестиция устама ҳақи).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу масалага ўз муносабатини билдирганида, вазирлик агар нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни кўришга мажбур бўлиши айтилган. Хусусан, транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқишга ёки бошқа фискаль чораларни кўришга мажбур бўлиши таъкидланган.
ЎзА