Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
446
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Савол: Ялавоч ўғлонлари сотилиши мумкин эмас эди. Юсуфни қул каби сотдилар. Ундан ҳикмат не эди? Жавоб: Кунлардан бир кун Юсуф қудуққа боқди, ўз юзини кўрди, мағрурланди, кўнглидан кечди: Бу кўрк билан қул бўлсам, баҳомни ким бергай? Ўз кўркига қувониб, Оллоҳ яратган гўзалликдан мағрурлангани учун уни ўн саккиз ақчага сотдилар. Оллоҳ яратган нарсага ғурурланишининг оқибати кўринди.

 Юсуфни қудуқдан чиқаришгач қариндошларига хабар қилинди. Улар келдилар. Малик Заърга айтдилар: “Бу бизнинг қочган қулимиздир. Биздан қочиб юрганига уч кун бўлди. Олсанг, сенга сотамиз”. Малик Заър оладиган бўлди. У пайтда Рубил келиб ибрай тилида Юсуфга деди: – Биз нима  десак сен тасдиқлагин. Акс ҳолда, сени ўлдирамиз.

Малик Заър “қулмисан?” деб сўради, Юсуф “қулман, Мавлонинг қулиман”, дея жавоб берди.

– Бу қул кичиклигидан буён биз билан бирга турарди, сотгали кўнглимиз бўлмас, ўзи рози бўлса сотамиз. Аммо унинг уч айби бор: аввало ўғри, иккинчи айби қочоқ, учинчиси йиғлоқ, –деди акалари. Заър Юсуфни уч айби билан қабул қилди ва деди: –Менда ақча йўқ, йилқи, мол бор, берайин.

Улар кенгашдилар, йилқи мол олсак, отамиз сезиши мумкин дедилар-да, таклифга кўнмадилар. Малик Заър ўн саккиз Миср ақчаси берди. У Канъон пулига тўққиз ақчага бўларди. Юсуфни Канъон ақчасининг тўққизига сотдилар. Уни саноқли тангалардан иборат арзон баҳога сотдилар.

– Ўз қўлингиз билан сотганлигингиз тўғрисида битик битиб беринг, –деди Малик Заър.

– Хат, битик берамиз. Фақат уч шарт билан, биринчиси – оёғига кишан ур, қаттиқ ва ғижирловчи эгарга миндир, яна йироқ элга олиб бориб сот.

Малик Заър учта шартни қабул қилди. Улар номларини ёзиб, келишилган нархини, шартларини билдириб хат битдилар. Ва Юсуфни топширдилар. “Улар билан болаликдан биргаман. Рухсат беринг видолашай” – деди Юсуф. Малик Заър унинг оёғига кишан солди, Юсуф оғир кишан билан юра олмади, йиқилиб кўркам юзи тупроққа булғанди. Яноқларига тикан санчилди. Юзи-кўзи қонга бўялди. Қариндошларига келди. Оғалари уни ёмон аҳволини кўриб бирга йиғладилар. Юсуф уларни ҳар бирини қучиб ”саломат бўлинглар” деб видолашди. Барчаси Юсуфдан уялиб орқага ўгирилдилар.

– Эй, қариндошларим, бу ишни менга қилдингиз, бошқаларга қилманг. Отамдан мани айирдингиз. Эй, Яҳудо, отамга мендан салом айтгил, сен барчадан раҳмдил эдинг, қайда қудуқ кўрсанг мени эсла ва соғингил. Отам билан ўтирганда, Юсуф қайда, ким билан бирга юрган, кимнинг юзига термулиб турган экан, деб ўйлагил. Эй, Яҳудо, сизлардан ажралганимга бугун тўрт кун бўлди. Сизларсиз орзу-умидларим йўқ, ғарибман. Энди сизсиз қандай яшайман. Келинг, ёш жонимга раҳм қилинг, карвонбошидан қайтиб олинг, –деб ёлворди. Улар қулоқ солмадилар, Юсуф йиғлай-йиғлай Малик Заър ёнига қайтди.

 Карвон йўлга тушди, ғичирлайдиган қаттиқ эгарли отга миндирдилар. Карвон йўлида онасининг қабри бор эди. Унга етганда ўзини тепадан отди. Қабрни қучоқлаб йиғлади. “Онажон, сендан ажралган эдим, энди отамдан ҳам ажралдим. Қул қилиб сотдилар, оёғимга кишан урдилар, товонларим шишди. Нозик танам қаттиқ эгарда эзилди. Онажоним, кошки, сендан олдин ўлсам эди”, дея зор-зор йиғлаб турганида карвондан бир киши келди. Унинг тупроқ қучиб ётганини  кўрди, ғазабланди ва деди: “Бекларинг у қочқоқ деб тўғри айтибдилар”. Юсуфнинг кўнгли оғринди. “Оллоҳим, ўзинг кўрувчисан, ҳамма нарсани билувчисан”, деб дуо қилди. Мавло таоло фармони билан кучли ел келди. Карвон тўхташга мажбур бўлди. Малик айтди: Ким Оллоҳга ширк келтирган бўлса, тавба қилсин. Ким бировга озор берган бўлса тавба қилсин. Оллоҳ таоло бу балони биздан кетгазсин.

Юсуфни уришган киши Маликка келиб қулнинг дуо қилганини айтди. Малик Заър у киши билан бирга келиб, Юсуфдан узр сўради. Юсуф кўнгли хуш бўлди. Чанг-тўзон тўхтади. Яна атроф ёришди. Карвондагилар қувонишди. Юсуфнинг оёғидан кишанни ечдилар. Покиза кийимлар беришди. Туяга ўтқазиб, йўлга тушдилар.

 Савол: Ялавочлар бекорга дуо қилмасалар, ёзувлик истамайдилар. Юсуф карвон аҳлини дуо қилди, чанг-тўзон кўтарилди ва дуо билан тинди. Ундан мақсад не? Жавоб: Юсуф дуоси ёвуз истак эмас эди. Ёнидаги киши бекорга ғазабланди, ҳақорат қилди. Бунинг учун нариги дунёда жавоби бор эди. Юсуф уни ушбу азобдан қутқариб, ўз қилмишига тавба қилсин учун дуо қилди.

Юсуфни иззат-икром билан Мисрга элтдилар. Йўлда денгиз бўйида тўхтадилар. Малик Заър ўз одамларига айтди: Юсуфни денгизга чўмилтиринглар.  Чанг-тўзонлардан тозалансин.

Юсуф денгиз қирғоғига боргач, Илоҳим, бир каромат қил вужудимни, танимни киши кўрмасин, деб сўради. Мавло таоло Айнул ҳитон отли балиқни юборди, сув ичида товланиб думи билан Юсуфни тўсди. Юсуф чўмилиб олди. Ул балиқ Оллоҳга ёлворди: Илоҳим, Юсуф шарофати туфайли менга каромат бергинки, барча балиқ орасида менда эзгу ном бўлсин. Мавло балиқ илтижосини ижобат этди. унга икки урғочи балиқ берди. Бири шу эдики, Юнус алайҳиссалом унинг қорнида қирқ кун қолди. яна бири шу эдики Сулаймон аллайҳиссаломнинг узуги унинг қорнида 40 кун қолди. Юсуф уст бошини ювиб бўлгач, Жаброил жаннатдан кўйлак келтирди. У нурдан яралганди. Юсуфга кийдирди. Молик Заър эса унга атлас тўн, бошига гавҳар ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган олтин тож кийгизди. Белига олтин камар боғлаб, туяга ўтқиздириб Мисрга олиб кирди.

 Савол: У карвон ичида бошқа ерлардан келганлар ҳам бор эди. Юсуфни уларни қўлига топширмади? Уни Молик Заърнинг қўлига топширди. Унда қандай хикмат бор? Ҳикмат: Миср шаҳрида бир заифа бор эди. Зулайхо отлиқ Оллоҳ тақдир ёзмишида Зулайҳога Юсуф орқали имон келтиришни ёзган эди. Шунинг учун Юсуфни Молик Заърга сотдирди ва яна Молик Заър ҳам сотди Зулайҳо Юсуф орқали имон келтирди. Ҳикмат шу эди.

 Юсуфни Мисрга келтиришди, унинг жамолидан кўк нури хира тортди. Миср халқи орасида хабар тарқалди-ки, Молик Заър бир қул ўғлон келтирмиш-ки, дунёда хеч ким ундай гўзалликни кўрмаган. Миср улуғларининг бари Юсуфни кўргани келдилар. Кимки Юсуфни кўрса уни сотиб олишни орзу қилди. Барча вилоятларнинг беклари олтин, кумуш, йилқи, қора мол, товар йиғдилар ва Юсуфга харидор бўлдилар.

 Даллол эса ўртага тушиб нархини ошираверди. Қуёш чиққунча баҳосини оширдилар. Эртасига Молик майдонга тахт қўйди. Юсуфга қимматбаҳо тошлар билан безатилган тўн, олтин тож кийдириб тахтга ўтқазди. Миср элининг шаҳрию қишлоғида яшовчи бойи-ю, камбағаллари, эркагу аёллари «ким ошди» томошасига йиғилишди. Жарчи бозор узра жар солди: «Ким дунёда ўхшаши бўлмаган латофатли, назокатли, гўзал юзли, ширин сўзли ажойиб бир ғуломни сотиб олади ?».

      Юсуф алайҳиссалом бошини эгиб, кўзидан ёшини оқизиб, деди. «Эй, жарчи, бундай сифатласанг ким ҳам оларди. Тўғри сўзлагил.»

      Жарчи сўради : «Қандай сифатлай ?»

      Юсуф айтди: Айтгил ким дунёда тенги бўлмаган азобу ғамга гирифтор заиф, ориқ, чорасиз бир ғуломни сотиб олади.

      – Ундай сифатлаш анъанамиз йўқ, – деди жарчи.

      Юсуф яна деди:

      – Ким Оллохнинг дўсти Иброҳимнинг абираси, Оллоҳнинг бандаси бўлган Ёқубнинг ўғли, Оллоҳнинг ростгўй бандаси Юсуфни қул қилиб сотиб олади?

      – Ундай десам барча халқнинг юраги ёрилгай.

      Яна айтмишлар: Миср даллоллари йиғилиб Юсуфнинг нархини оширдилар. Унинг вазнига тенг келадиган вазнда олтин, кумуш, ипак, шакар, ҳарир, анбар, сур тери сўрадилар.

      Яна бир ривоятда айтилишича, тепада тилга олинган молларнинг ҳар бири Юсуфнинг оғирлигидан ўн баробар кўп бўлади. Жарчи Юсуфнинг отини айта бошлаганида, Молик Заърнинг кўзи ёшга тўлди, кўнгли оғриди. «Эй Юсуф, у кун қудуқ бошида нега айтмадинг. Мен сени сотиб олмаган бўлар эдим»,– сўради у.

     Юсуф айтди: – Қариндошларим мени ўлдирадилар деб қўрқдим.

      Молик Заър айтди: – Тағин сен Канъон тепаликларидан бирида ўтириб, «Эй, парвардигорим, дилимнинг меваси, кўзимнинг қорачиғи ўғлимни қайтариб бер» деб зорланиб йиғлаб турган ғамгин мўйсафиднинг ўғли бўлмагин».

      Юсуф жавоб берди: У кўзлари ёшга тўлган, бағри эзилган, фироқ ўтида ўртанган, ҳасрат денгизига ғарқ бўлган, ўқдек бўйи ёйдек эгилган, ойдек очиқ кўнгли тугмадек тўкилган Исроилуллоҳ Халилуллоҳ абираси Юсуф менман.

Молик Заър Юсуфдан узр сўради.

 Айтишларича, у пайтда Миср шоҳи Райён ибн Навзод ибн ал-Валид ибн Арошт ибн Морон ибн Умар ибн Амлох ибн Ловад ибн Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом эди.

 Юсуфнинг хабари Райён шоҳга етди. У Юсуф хабарин тинглаб ҳайрон қолди. Вазири Атғирни Юсуфни сотиб олгани жўнатди. У йигитлари билан от суриб, карвон тушган жойга келди.

(Давоми бор).

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.