Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерацияси Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

0
153
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, ҳамкорликнинг қатор долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Президентлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Россия Федерацияси Президентининг жорий йил октябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уни аниқ амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Барча даражада жадал ва унумли алоқалар йўлга қўйилгани, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.

Ҳудудлар ва бизнес тузилмалари ўртасидаги мулоқот фаоллашди, маданий-гуманитар алоқалар кенгайди. Жорий йил кузда Тошкент шаҳрида ўзаро муносабатлар тарихида биринчи марта ҳудудлараро ҳамкорлик ва таълим форумлари ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда “яшил йўлак” жорий этилган. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа кўплаб тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Апрель ойида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ишга туширилди, октябрь ойида яна бир муҳим лойиҳа – Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилди.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида, жумладан, мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш бўйича қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлаб, янги йилда Ўзбекистон ва Россия халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.