Президент Шавкат Мирзиёев Тойлоқ туманидаги “Pet Agro Oil” қўшма корхонасида бўлиб, ёғ-мой ишлаб чиқариш технологиясини кўздан кечирди.
Корхона 2017 йилда Шимолий Ирландиянинг “Nortec Estate LLP” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг “Tony Green” фирмаси томонидан ташкил этилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлашга ихтисослашган. Италия, Австрия, Туркия, Швейцария, Ҳиндистон, Болгария ва Хитой давлатларидан 7 миллион долларга замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.
Бугунги кунда корхона фаолиятини кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада кунига 350 тонна ўсимлик ёғи, 3 минг тонна томат пастаси, 2 минг 500 тонна олма концентрати ишлаб чиқарилади. Корхона тўлиқ қувват билан ишлагач 800 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади.
Шу ерда Самарқанд вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларига оид лойиҳалар намойиш этилди.
2019 йилда вилоятда 355 миллион доллар инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Ўзбекистоннинг Хитой, Туркия ва Испаниядаги элчихоналари ҳамда Грециядаги консулхонаси вилоят туманларига бириктирилган.
Ушбу ваколатхоналар раҳбарлари маҳаллий ҳокимликлар билан бирга шакллантирилган инвестиция лойиҳаларини тақдим этди.
Шунингдек, “Azia Metall Prof” қўшма корхонаси томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонасида тунукани рух билан қоплаш, қайта ишлаш ва полимеризациялашни ташкил этиш, 4 минг 300 гектар майдонга интенсив боғ яратиш, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил қилиш, томчилатиб суғориш, паррандачиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар юзасидан маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг асоси, самарадорлиги билан қизиқди. Улар юзасидан тегишли кўрсатмалар бериб, хорижий тажрибани ўрганиш, керак бўлса, чет элдан консультантлар жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Самарқанд вилоятида 37 минг гектардан зиёд лалми ер фойдаланилмаётгани, уларни ишга солиб, аҳолини иш ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.