Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ, Эльяр Мажидович Ганиев Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Мазкур фармонига мувофиқ, Нодир Собирович Отажонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.
Ушбу фармонига мувофиқ, Жамшид Абдухакимович Ходжаев Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тасдиқланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ, Сардор Уктамович Умурзаков Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тасдиқланди.