Ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди

0
136
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ортда қолаётган ҳудудлар масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, ҳудудлар фаровонлиги ва аҳоли ҳаёт даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.

Уларни самарали амалга ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди. Ҳудудлар ва тармоқларни комплекс ривожлантириш, ишлаб чиқариш кучларини мутаносиб жойлаштириш Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлаш, корхона ва ташкилотларнинг экспорт фаолиятини мувофиқлаштириш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди.  

Энди мазкур вазирликлар ўзаро мувофиқ ишлаб, бозор талаблари асосида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, ҳудудлар ва тармоқларни жадал ривожлантириш чораларини кўради. 

Бугунги кунда ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари аксарият лойиҳалар инфратузилма қулай бўлган туманларга жойлаштирилиб, бошқа ҳудудлар эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. 

Юртимизда ўттиз иккита туманда саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 3 фоизига ҳам етмаслиги танқид қилинди. Ушбу туманларнинг географик жойлашуви, хомашё базаси, меҳнат ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.  

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология қўмитасига ҳар бир туман кесимида қазилма бойликлари захирасидан келиб чиқиб, уларни саноатлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини шакллантириш вазифаси қўйилди. 

266 минг гектар ернинг унумдорлиги пасайиб, фойдаланишдан чиқиб кетгани қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига бу жойларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Қўшни давлатлар билан чегарадош туманларнинг логистика, экспорт ва сервис салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. 

Ижтимоий-иқтисодий ҳолати нисбатан орқада бўлган туманларда кооперация асосида кичик саноат зоналари ташкил этиб, уларда тўқимачилик, кўнчилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича лойиҳаларни жойлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур туманларда ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилган дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. 

Йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича ташкилий ишлар ҳам белгилаб берилди. 

Аввало, Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ўттиз иккита туманда ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқади. 

– Бу лойиҳалар аниқ бўлиши: нечта корхона ишга тушади, қанча инфратузилма қурилади, қанча аҳоли банд бўлади, деган ҳамма саволларга жавоб бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу лойиҳаларни молиялаштириш манбалари “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби дастурлар билан боғлиқ ҳолда ҳал этилади. Мазкур туманлардаги кам таъминланган оилаларни ўзини ўзи банд қилиш бўйича мақсадли дастур амалга оширилади. 

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳисобот берди. 


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.