Халқаро ислом академияси дунёга машҳур “Сулаймония” кутубхонаси билан ҳамкорлик қилади, дея хабар беради Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграмдаги каналида.
“Сулаймония” кутубхонаси – Туркиянинг Истанбул шаҳрида 1557 йилда қуриб битказилган Сулаймония мажмуасининг таркибий қисмидир.
Дунёдаги энг йирик кутубхоналардан бири сифатида эътироф этилган бу даргоҳда VIII—XIX асрларга оид 73 мингга яқин ҳужжат ва қўлёзмалар, 50 мингдан ортиқ босма китоблар ва бошқа маърифий, маънавий, маданий манбалар сақланади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси “Сулаймония” кутубхонаси раҳбарияти билан ўтказилган музокаралари натижасида “Сулаймония” кутубхонаси билан Мовароуннаҳр уламолари ижодига мансуб қўлёзмаларнинг каталогини яратишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.