Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигининг янги йўналишлари кўриб чиқилди

0
372
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда 25 апрель куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди. 

Беларусь Президентининг Ўзбекистонга ўтган йилги расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани, уларни сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиққани ва амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.
 
Учрашувда илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши батафсил кўриб чиқилди. Президентлар икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми жадал ортаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Беларуснинг «Амкодор», «МАЗ», «МТЗ» ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда саноатнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги алмашинувлар анча фаоллашди. Фан, технологиялар ва таълим соҳасида самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда. 

Давлатлар ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва ҳамкорликнинг амалий натижаларига эришишга қатъий ўзаро интилиш уни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда. Бугун мамлакатларимиз бунинг учун зарур салоҳиятга эга экани қайд этилди.  

Учрашувда ўзаро савдони кенгайтириш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, туризм соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, таълим, маданият ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.  

Икки давлат раҳбари шерикликнинг янги йўналишларини самарали ривожлантириш мақсадида турли даражадаги мулоқотни фаол давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.