Ёш қаламкашлар гулшани

0
271
марта кўрилган.

Мен учун қадрдон даргоҳ, болалигим гувоҳчиси  –  Урганч шаҳридаги 5-сон мактабга учрашувга борганимда  кўплаб ёш қаламкашлар билан танишдим. Бу ерда шеърият мухлисларининг кўплиги беихтиёр болалигимни эслатди.  Биринчи марта бешинчи синфдан олтинчи синфга ўтганимизда бир гуруҳ синфдош ва мактабдошлар Самарқандда ўтказилган ўқувчиларнинг ёзги анжуманида  қатнашганмиз. Ўшанда ҳар биримизга кундалик ёзиш учун дафтарча беришган. Кундалик ёзишга ва анжуман якунида тассуротларни гапиришга ўргатишган. Шу шу қалам қўлимдан тушмайди.

Бешинчи сон мактабга учрашувга келганимда беғубор болалигимни қайта хотирлаб, мактабнинг маънавий -маърифий қадриятлари, устоз-шогирдлик анъаналари ҳамон давом этаётганининг гувоҳи бўлдим.

Ушбу ўқув масканининг  8 “Д”синф ўқувчиси Ўғилой Убайдуллаева бу йилги “Навоий ворислари” танловида Урганч шаҳар босқичида Ҳазрат Навоий ёниб куйлаган  ўгиту ҳикматларидан 30 тасини ёдлаб шаҳарда биринчи ўринни эгаллаган. Яна у вилоят басқичида сўз мулкининг султони Навоий ижодидан 50 та шеърни ифодали ёдлаб 3- ўринга муносиб кўрилган.

Урганчда ўтказилган “Ёш ниҳол” танловида эса  ушбу мактабнинг 8 нафар ўқувчиси ўз ижоди билан назарга тушган.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир  Ахтамқули мактабга учрашувга келганида ўқувчиларнинг шеърлари билан танишиб, ёш  истеъдод соҳибларининг илк ижодлари маъқул келиб қўллаб қувватлаган. “Жайхунга энтиккан булоқлар” тўплами чоп этилган. Ушбу жамламадан 8 д синфида таҳсил олаётган 11нафар  ёш ижодкорнинг шеърлари жой олган.

Улардан бири  Ҳидоят РЎЗМЕТОВнинг  “Ёз тонги” шеърида болаликнинг беғубор нафаси уфуриб туради.

Ёз тонги

Тоза ҳаво, шаббода,

Кезар ер-у осмонда,

Билинг азиз, дўстларим,

Уйқу бекор бу онда.

               Нима ишни қилсангиз,

              Ғайрат дўст бўлар шу тоб.

             Шундай экан вақтингиз

           Сарфлаб ўқингсиз китоб.

Бундай дамда биз аввал,

Ишни қилайик жадвал.

Режа бўлса мукаммал

Вақт тежалар анчалар.

         Қаранг қандай ҳодиса,

         Ғафлат бўлади изза.

         Ақли етган айтсинчи,

        Бу қандайин мўжиза?

Кўнгил гўзаллиги – бойлик

Дилноза Бердиева ушбу ўқув масканининг 9 синфида ўқийди, шеърлари ҳали китоб ҳолида чоп этилмаган.  Иккита дафтарни тўлдиришга улгурган. Ёш қаламкашнинг шеърларини ўқиб ҳар бир ҳодисага, кўнгилидан кечганларига, умуман ҳаётга  файласуфона ёндошишга интилишини ҳис этиш мумкин.

Гулзор чаман…Гуллар ичра тентираб юрсам,

Ногоҳ кўнглим атиргулнинг ҳуснига тушди.

Уни севиб, гуллардан мен сарой қурсам,

Қаср кўрками, малаги деб, гулни севишди.

            Аслида бу турфа олам шундай яралган.

           Яратувчи эмас балки, машҳур ижрочи,

           Ҳали шундай замон ҳам келаркан,

          Инсон ўлжа бўларкан, пул эса овчи.

Бойлиг-у пулни ҳам, инсон яратган.

Бу дунёда бойлик, аслида –МЕҲР.

Гўзаллик ўзидан нурлар таратган,

Лек кўнгил поклиги ҳақиқий сеҳр.

          Дунёда яшашдан аслида мақсад:

         Ўзимиздан мангуга, излар қолдириш.

         Инсониятни севиб, қилмасдан ҳасад,

        Эзгу ном, инсоний ҳислар қолдириш.

Ушбу машқларга қалам тегизмай  муштарийларнинг эътиборига ҳавола қилдик. Машқлар ниҳол  кўнгилларни нурлантиради, ёшларга умид беради. Уларни мулоҳаза қилишга ўргатади. Эзгуликка ундайди. Яна ўқув  масканида адабиётга ихлосмандлар кўплиги устоз деган улуғвор номга муносиб тажрибали ўқитувчилар фаолият юритаётганини  ҳам англатади.

Шеърият майдонининг гулғунчаларига устозлари билан бирга  омадлар тилаб қоламиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.