Олий таълим тизимида бир қатор янгиликлар амалга оширилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг телеграмдаги каналида хабар берилишча, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилди.
ОТМларга қабул квоталари қарийб 20 фоизга оширилиб, 120 мингдан ортиқ абитуриентлар талабаликка қабул қилинади.
Жорий йилда илк маротаба «Амалий коинот технологиялари»; «Рақамли иқтисодиёт»; «Технологик таълим»; «Мактабгача таълим психологияси ва педагогикаси»; «Урбанистика»; «Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти»; «Деворбоп ва пардозбоп қурилиш материаллари технологияси»; «Саноат корхоналарида инновацион лойиҳалар бошқаруви»; «Электрон тижорат»; «Мактаб менежменти» каби соҳалар бўйича бакалавриат йўналишларига қабул амалга оширилади.
Магистратурага қабул қилишда бакалавриат битирувчиларига бакалавриат таълим йўналишига турдош бўлмаган магистратура мутахассисликлари бўйича ҳам танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан тест синовларисиз талабаликка қабул қилинади.
Шунингдек, “ММФИ” (Москва муҳандислик-физика институти) миллий тадқиқот ядро университети» Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалида бакалаврларни тайёрлаш бўйича қабул квоталари 100 киши миқдорида қуйидаги мутахассисликлар бўйича белгиланди: Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси; Ядро физикаси ва технологиялари ; Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси; Электроэнергетика ва электротехника.
Филиалда кадрлар тайёрлаш фақат грант асосида амалга оширилади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Муҳандислик математикаси, компьютер фанлари ва технологик менежмент йўналишлари бўйича Ўзбекистон – Исроил факультети ташкил этилади.
Шу билан бирга яна ЎзМу ҳузурида Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий маркази ҳам ташкил этилади.