«Нега ер ости бойлигимиз — газимизни ўзимизга бермаяпти?» ОАВларида тарқалган ушбу саволларга «Ўзбекнефтгаз»АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов жавоб берди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг нефт-газ сиёсати муаммолари ва истиқболлари, шунингдек, аҳолини энергия мабаалари билан таъминлаш мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда энергетика секторини тартибга солиш, энергоресурсларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий сармояни жалб қилиш, рақобатли бизнес муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш учун тариф сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича маълумот берилди.
Жумладан, жорий йил охиригача “Ўзбекнефтгаз” АЖ учта алоҳида мустақил компанияга бўлиниши, улардан бири газ ва нефть ишлаб чиқаришга, нефтни қайта ишлаш заводларини бошқаришга, иккинчиси нефть қувурларини бошқаришга, учинчиси эса газни тақсимлашни назорат қилишга ихтисослаши маълум қилинди.
Амалга оширилаётган, режалаштирилаётган ишлар қатори соҳада мажуд муаммолар юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
“Биз геологик қидирув ишларини ўз вақтида молиялаштириш, заҳираларимизни ўстиришга етарлича эътибор бермаяпмиз, — деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов. — Шуни ҳисобига бугун газ қазиб олишдаги муаммоларга дуч келмоқдамиз. Энг асосий муаммо — ҳозирда конларимиз жуда қийин аҳволда”.
Мутасаддилар шу каби муаммолар жамоатчиликда ҳам эътирозлар уйғотаётганига тўхталиб ўтди.
“Жуда кўп танқидларга учраяпмиз, оммавий ахборот воситаларида “Нега ўзимизни газимизни ўзимизга бермаяпти” деган саволларга тўқнаш келяпмиз, — деди Баҳодир Сиддиқов. — Бунда муҳим жиҳат шундаки, газни табиий ва миллий бойлигимиз бўлиш билан бирга, товар (маҳсулот) эканини эсдан чиқариб қўймаслигимиз керак. Яқинда Осиё тараққиёт банки экспертининг мақоласи чиқди, унда: “Энергетика тизимида газга товар сифатида муносабат шаклланмаса, бу тизимда ривожланиш бўлмайди”, деб ёзган эди. Буни жуда тўғри фикр деб ҳисоблайман. Чунки биз газдан фойдаланганда энергия тежамкорлигини, вақтида ҳисоб-китоб қилиш кераклигини эсдан чиқариб қўйяпмиз. Кўп истеъмолчиларимизда кранни бурасак, газ чиқиб келаверади деган қараш сингиб қолган”.
“Ўзбекнефтгаз” раҳбари ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларни қайд этар экан, уларни ҳал қилиш устида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
“Шу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида автоматлаштирилган тизимни жорий этиш бўйича катта музокаралар олиб борилмоқда, — деди Баҳодир Сиддиқов. — Уч йил давомида республикамиздаги барча аҳоли қатламини, истеъмолчиларни автоматлаштирилган тизимга ўтказамиз. Бу шаффофликни, истеъмолчи ва газ етказиб берувчи ўртасидаги муносабатларнинг очиқлигини таъминлайди. Ўйлайманки, мазкур лойиҳа аҳолининг газ истеъмолини ҳам тартибга солади”.