Италиянинг Неаполь шаҳрида Бутунжаҳон талабалари ўртасида ўтказилаётган Универсиада-2019 ўйинлари давом этмоқда. Мусобақанинг жуфтлик ва яккалик баҳсларида кетма-кет зафар қучиб келаётган теннисчи йигитларимиз Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев бугун яна бир муҳим ғалабани қўлга киритишди, дея хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.
Эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсларининг ярим финал ўйинида хитойлик Хао Ву ва Шуаи Хуга қарши кортга чиққан вакилларимиз 7/6 (2), 6/2 ҳисобида зафар қучиб, универсиаданинг финалига йўл олишди.
Мусобақанинг жуфтлик баҳсларини иккинчи даврадан бошлаган Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев дастлабки ўйинда таиландлик теннисчиларни, тўртинчи даврда Жанубий Африка ҳамда чорак финалда Хитой Тайпейи вакилларини мағлубиятга учратишган эди.
Финал ўйинида вакилларимиз кореялик Сеочан Ҳонг ва Санҳуи Шин жуфтлигига қарши кортга тушадилар.
Ҳал қилувчи баҳсда ҳам йигитларимиздан ғалаба кутиб қоламиз.