Италиянинг Неаполь шаҳрида Бутунжаҳон талабалари ўртасида ўтказилаётган Универсиада-2019 ўйинларининг ўнинчи кунги баҳслари ҳам вакилларимиз учун муваффақиятли якунланди. Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк совринини қўлга киритган вакилларимиз делегациямизга яна иккита медални туҳфа этишди.
Ёш умидли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида ҳам медалга сазовор бўлди.
Дастлабки ўйинларда Шри-Ланка, Португалия ва Кипр вакилларини ҳамда чорак финалда америкалик Кейеган Жамес Смитни йирик ҳисобда мағлуб этган юртдошимиз ярим финалда франсиялик Лукас Поуллаиндан 6/0, 6/3 ҳисобида устун келиб, финал йўлланмасини қўлга киритган эди.
Финал учрашувида Хитой Тайпейи вакили Ценг Чун-Хсинга қарши кортга чиққан Ҳумоюн Султонов биринчи сетда тай-брейкда ғалаба қозонган бўлса, иккинчи ва учинчи сетда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ҳамда делегациямизнинг универсиададаги еттинчи соврини ҳисобланган кумуш медални қўлга киритди.
Жуфтлик баҳсларида олтин, яккаликда кумуш медалга сазовор бўлган теннисчи йигитларимиз умумжамоа ҳисобида ҳам биринчи ўринни эгаллаб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйишди.
Эслатиб ўтамиз, 12-июль куни теннисчиларимиз Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев жуфтлиги мусобақанинг олтин медалини, яъни Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк медалини қўлга киритишган эди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати