Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки делегациясини қабул қилди

0
134
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларида юксак даражага эришилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Бугун Банк мамлакатимизда устувор тармоқларда таркибий ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда ҳамда уларнинг амалга оширилишида бевосита иштирок этмоқда.

Жорий йил 18 июль куни Тошкентда Иқтисодий кенгашнинг биринчи мажлиси ҳамда энергетика соҳасини ислоҳ этиш бўйича давра суҳбати муваффақиятли ўтказилди, улар давомида ҳамкорликнинг бош устувор йўналишлари, истиқболдаги шерикликка доир аниқ дастур ва лойиҳалар белгилаб олинди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом этаётган лойиҳаларнинг портфели жами 5,2 миллиард доллардан ортган. Жорий йилнинг ўзида Жаҳон банки 850 миллион доллардан зиёд бўлган ҳамда тадбиркорлик, мактабгача таълимни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш каби йўналишларни қамраб олган янги кредитларни маъқуллади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, «Обод қишлоқ» дастурини биргаликда молиялаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга доир лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Банк-молия сектори ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, таълим, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартларида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сирил Мюллер давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Жаҳон банки президенти Девид Мелпасснинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Банк Ўзбекистонда устувор тармоқларда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларнинг суръати ва натижадорлигини юксак баҳолаётгани қайд этилди.

Сирил Мюллер мамлакатимиз ва бутун минтақанинг барқарор тараққиёти йўлида Ўзбекистон Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида Жаҳон банкининг интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.