Маошининг 100 баробари миқдорида нафақани кимлар олади?!

0
209
марта кўрилган.

2019 йилнинг 3 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги 4382-сонли қарори қабул қилинди.

Кўзланган мақсад

Маълумки, мамлакатимиз Президенти бошчилигида ҳарбий хизматчиларни, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Негаки ҳар томонлама яхши тайёрланган, етарли даражада таъминланган ва ижтимоий ҳимояланган, қудратли Қуролли Кучларгина хавфсизлик ва барқарорликнинг, чегараларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигининг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи ва ишончли кафолати бўла олади. Ўзбекистоннинг миллий армия қурилишидаги аниқ позицияси шундай тамойил асосига қурилган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор ҳам бу йўлдаги навбатдаги қадам бўлди.

Кимларга татбиқ этилади?

Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг хавфсизлиги давлат хизмати тизимида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларига) ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилади:

шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларга;

Қуролли Кучлар тизимида махсус унвонда хизмат қилаётган ходимларга;

муддатли ҳарбий хизматчиларга;

олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсант ва тингловчиларига;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига;

сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларига.

Нафақа миқдори

Ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлганида (вафот этганида) унинг оила аъзоларига марҳумнинг асосий эгаллаган лавозими бўйича маоши (олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 100 баробари;

оғир тан жароҳати олганда 50 баробари;

ўртача оғир тан жароҳати олганда 20 баробари миқдорида нафақа тайинланади.

Нафақа кимларга берилмайди?

Гиёҳванд, психотроп, алкоголь ёки заҳарли моддалар ёрдамида маст ҳолатга келган;

жамият учун хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган;

ўз жонига қасд қилганларга нафақа тўланмайди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Манбаа: Ўз А
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.