Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Токио шаҳрида ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари учун расмий таклифнома олди. Таклифнома шахсан Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах томонидан жўнатилган.
“Халқаро Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини 2020 йилнинг 24 июлидан 9 августигача Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ўттиз иккинчи ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этишга таклиф қилишни шараф деб билади.
Томас Бах,
Халқаро Олимпия қўмитаси президенти”, – дея ёзилади мазкур таклифномада.
Таъкидлаш жоиз, ХОҚ навбатдаги Олимпиадага 1 йил қолганидан сўнг ташкилотга аъзо мамлакат миллий кўмиталарига расмий таклифномалар жўнатади. Айни пайтда ХОҚ таркибига 206 мамлакат аъзо.
Шу пайтга келиб терма жамоамиздан теннисчимиз Денис Истомин ҳамда велоспортда Ольга Забелинская Токио Олимпиадаси, ўқ отишда Сервер Ибрагимов эса Паралимпия ўйинлари учун йўлланмани қўлга киритган.