Нодир Жонузоқ: То бошимда шу байроқ бор – кўнглим баланд тоғ бўлди

0
808
марта кўрилган.

ҲУРРИЯТ БАЙРОҒИ

То бошимда шу байроқ бор – кўнглим баланд тоғ бўлди,
Орзуларим гулга кириб, шовуллаган боғ бўлди.

Зулмат босган юрагимга ёғду сочди юлдузлар,
Инжа, нозик ҳилоли ҳам тўлиб, ойдин моҳ бўлди.

Таъзим айлаб, лабим боссам, юксаламан, шу байроқ
Олам узра ҳилпираган кундан вақтим чоғ бўлди.

Ҳурриятнинг шамолида кўркам рақсин кўролмай,
Чўлпон, Фитрат, Қодирийдай зотлар бағри чок бўлди.

Ўроқ-болға зарбасидан сачраган қон доғлари
Эрк туғининг тўлқин-тўлқин эпкинидан пок бўлди.

Қуллик битди. Тождор бўлиб, шу байроқнинг остида
Шоҳсупага чиққан ўзбек ўғлонлари шоҳ бўлди.

Нодир бўлдим мен ҳам элда, оқди севинч ёшларим,
Кўзёшларим рангин шода – мовий, яшил, оқ бўлди!

2019 йил 18 ноябрь

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.