Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг музокаралари кенгайтирилган таркибда давом этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажлис иштирокчиларини қутлар экан, иккинчи Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши манфаатларнинг ўзаро муштараклиги, мамлакатларимиз минтақавий тараққиётнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ва биргаликда қарорлар қабул қилишга тайёр эканини яна бир бор яққол тасдиқлашини таъкидлади.
Марказий Осиё доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлиб хизмат қилиб келгани қайд этилди. Бугунги кунда минтақада улкан табиий захиралар, катта инсоний салоҳият мавжуд, дунёнинг ўзаро рақобатга киришаётган қудратли давлатлари манфаатлари кесишган.
Шу ва бошқа омиллар, шунингдек, минтақавий ва халқаро хавфсизликка таъсир этадиган йирик беқарорлик ўчоқлари бевосита яқин ҳудудларда жойлашгани минтақа мамлакатлари олдига барқарорлик, янги хавф-хатар ва таҳдидлар вужудга келиши, бундай шароитда минтақавий ҳамкорлик қандай олиб бориш кераклиги хусусида мураккаб масалаларни қўймоқда.
– Сиёсий ирода ва амалий қадамларимиз туфайли биз ҳамкорликнинг янада юқори босқичига кўтарилмоқдамиз, – деди давлатимиз раҳбари. – Бизнинг ҳамжиҳатлигимиз ва фаол саъй-ҳаракатларимиз кўпқиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб берди. Биз қисқа муддатда биргаликда, амалда олдинга силжишга эришдик.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 2 баробарга, қўшма корхоналар сони 4 баробарга ўсди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан чегараларнинг ҳуқуқий расмийлаштириш ишлари якунланиш арафасида, олтмишга яқин ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолияти таъминланди, визалар бекор қилинди. Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.
Ўтган йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ҳамда мамлакатларимизнинг бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Ишчи гуруҳнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди.
Буларнинг барчасида барқарор бир тенденция – давлатларимизнинг мустақил роли ва умумий келажак учун масъулияти кучайиб бораётгани намоён бўлмоқда, деб таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари минтақавий ва глобал масалалар бўйича тобора кўпроқ умумий позициядан туриб фикр билдираётганини мамнуният билан қайд этди.
– Бизнинг минтақадаги ўзаро яқинлашувимиз ва ҳамкорликни кенгайтиришимиз – бу замон талаб қилаётган ва орқага қайтмайдиган жараён эканини таъкидламоқчиман. У қатъий сиёсий қарорга асосланган бўлиб, чуқур тарихий омилларга эга ва кимнингдир манфаатларига қарши қаратилган эмас, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги вазифаларни амалга ошириш учун бутун куч ва имкониятларни сафарбар этишга чақирди.
Шу муносабат билан, Марказий Осиё инвестиция форуми ва мамлакатларимиз савдо-саноат палаталарининг илк йиғилишини ўтказиш, шунингдек, Транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузишни тезлаштириш, “Бир саёҳат билан бутун минтақа бўйлаб” тамойили асосида қўшма дастурларни илгари суриш учун Халқаро туризм конференциясини ташкил этиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари Парламентлараро дўстлик гуруҳини таъсис этиш ҳамда “Марказий Осиё – ягона ўтмиш, умумий келажак” шиори остида маданий-гуманитар алмашув платформасининг яратилиши бизнинг барча халқларимиз манфаатларига жавоб бериши таъкидланди.
Президентимиз илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида эришилган салмоқли ютуқлар учун Марказий Осиё мукофотини таъсис этиш, шунингдек, университетлар форумлари ва минтақавий спорт ўйинларини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
– Ҳар йили Наврўз байрами арафасида навбати билан ҳар бир мамлакатда Марказий Осиё маданият кунларини ўтказишни муҳим деб ҳисоблаймиз. Буларнинг барчаси қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Сувдан биргаликда фойдаланишнинг долзарб масалаларини, минтақанинг мураккаб сув ва экологик муаммоларини ҳал қилишнинг барча учун мақбул ечимини излаш ўзаро келишилган ёндашувларни талаб этади. Инновацион технологияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини татбиқ этиш, чўллашишни бартараф қилиш ва бошқа комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Ўзбекистон Президенти БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди имкониятларини самарали ишга солишни таклиф этди.
Энг муҳим устувор вазифа – минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат эканини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга кенг миқёсда қарши туриш учун мамлакатларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ва махсус хизматларининг оператив ҳамкорлик қилиши бўйича ишчи механизмларни яратиш тарафдори эканини таъкидлади.
– Афғонистон минтақамизнинг узвий бир қисмидир. Ушбу диёрга тинчлик ва тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйиши учун ёрдам бериш – барчамизнинг умумий манфаатларимизга тўлиқ мос келади. Муаммони сиёсий йўл билан ҳал қилиш борасидаги асосий тамойилларга амал қилиш зарур деб ҳисоблаймиз. Авваламбор, бу – зўравонликдан воз кечиш, ўт очишни тўхтатиш, мулоқот ва муросага тайёрликни намоён этишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Афғонистонда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга фаол жалб этишга қаратилган келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ўта муҳимдир.
Президентимиз бу устувор вазифалар Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ягона қараш ҳужжатида ўз аксини топишига ишонч билдирди.
Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларини ўзаро ҳамкорликнинг асосий мақсад ва тамойилларини келишиб олишга, инсон, капитал, товар ва хизматларнинг ҳаракати, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиб бериш, Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлашнинг амалий механизмларини шакллантириш ва йўлга қўйишга чақирди.
Туркманистон Президентининг таклифига биноан давлат раҳбарлари Қозоғистоннинг Биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Фахрий раиси этиб бир овоздан сайладилар.