Мавлуда ХЎЖАЕВА: Жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ

0
334
марта кўрилган.

Ҳар қандай соҳадаги ривожланиш, тараққиёт қонун устуворлиги, ўзаро мулоқот ва самарали жамоатчилик назорати ўрнатилган жойда бўлади. Давлат идоралари, умуман, ижро ҳокимияти нима қиляпти, ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада уддалаяпти — буларни халқимиз билиб туриши, хабардор бўлиб бориши шарт. Шу аснода, уларнинг фаолиятида шаффофликнинг таъминланиши муҳим аҳамият касб этади.  

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир” мавзусидаги маърузасини тинглаган ҳар бир киши хаёлидан ана шундай ўй-фикр кечганига аминман.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ. Халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади.

Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда.

Биз депутатлар ҳам жамоатчилик назоратининг мустаҳкам ўрнатилишига ўз ҳиссамизни қўшишдек масъулиятни вазифани зиммамизга олган эканмиз, буни аввало, ўзимиздан, фаолиятимиздан бошлаганимиз бежиз эмас. Яъни, парламентнинг вақт синовидан ўтган барча назорат функциялари — парламент эшитуви, қўмита эшитуви, парламент сўрови, депутат сўрови, парламент фаолиятидаги янги институт ҳисобланган “Ҳукумат соати” кабилар бунда муҳим аҳамият касб этиб, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга, бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантиришда асқотмоқда.

Албатта, бундай ишларнинг барчасининг туб негизида қонунларимиз, аввало, Конституциямиз турибди.

Шу жиҳатдан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур маърузасида алоҳида қайд этиб ўтилганидек, галдаги вазифамиз жамоатчилик назоратининг фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилига айланишига эришишдир. Ўйлайманки, барча соҳадаги ислоҳотлар каби, бу борада ҳам юртимизда босқичма-босқич, дадил қўйилаётган қадамлар ўз натижасини албатта бераверади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.