Афсонавий Оксана Чусовитина билан матбуот-анжумани бўлиб ўтди

0
210
марта кўрилган.

Оксана Чусовитина . . . Ўзбекистонлик ушбу афсонавий гимнастикачининг номи бутун дунёга танилди. Ҳамюртимиз 44 ёш бўлишига қарамай ҳали-ҳануз халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Штутгарт (Германия) шаҳрида ўтган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати орқали Оксана Чусовитина ўзининг саккизинчи Олимпиадасига йўлланма олди. Чусовитина спортчилик фаолиятини якунламасданоқ “Гиннеснинг рекордлари” китоби ва “Халқаро гимнастика шон-шараф зали”га ўз номини битиб қўйди.

Пойтахтимиздаги “LOTTE Tashkent” меҳмонхонасида афсонавий спортчимиз билан матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Унда фахрий меҳмонлар, спортимизнинг таниқли вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир Чусовитина Токио Олимпиадасидан кейин фаолиятини якунлаши ҳақидаги гап билан бошланди. Қуйида гимнастикачимизнинг матбуот-анжуманидаги жавоблари билан таништириб ўтамиз.

– Барча Олимпия ўйинларига катта куч билан тайёргарлик кўради. Бироз аввал Токио Олимпиадаси сиз учун охирги чиқиш бўлишини таъкидладингиз . . .
– Мен спорт тадбирларида иштирок этишни давом эттираман. Олимпиада олдидан мени жаҳон кубоги баҳслари кутиб турибди. Шундан сўнг ўзим қатнашадиган бир қатор лойиҳалар мавжуд. Токио Олимпиадаси мен учун якуний старт бўлади ва катта спортдаги фаолиятимни якунлайман. Лекин спорт соҳасининг ичида қолавераман. Келажакда болалар спортини ривожлантиришга ўз хиссамни қўшмоқчиман.

– Болалар спортини айнан қандай ривожлантирмоқчисиз?
– Бу менинг бош мақсадларимдан бири. Олимпиададан кейин давлатимиз, Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёрдами билан гимнастика мактабимни очмоқчиман. Шунингдек, ёш авлод орасида оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини ривожлантиришда ўз хиссамни қўшиш ниятим бор. Яна бир қўшимча қилмоқчиманки, болаликдан спорт билан шуғулланиш ҳамиша ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб келган.

– Эшитимизча, Олимпиадада кўп кураш бўйича ҳам қатнашмоқчисиз. Шу ростми?
– Йўқ, мен Токиода фақат таяниб сакраш бўйича иштирок этаман.

– Ёш гимнастикачиларимиз орасида кимни кўпроқ истиқболли дея оласиз?
– Уларни номма-ном келтириш бир мунча қийин. Барчалари бир мақсад йўлида меҳнат қилишмоқда. Асосийси қобилият эмас, меҳнатдир. Вақт ва меҳнат уларнинг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб беради. Меҳнаткаш спортчида йиллар ўтиб бари ўз самарасини бера бошлайди. Қобилият эса вақти келиб ғойиб бўлиши мумкин. Шу боис ҳам мен кўпроқ меҳнаткаш спортчиларни қадрлайман. Бу менинг шахсий фикрим.

Шунингдек, тадбир давомида жорий йилнинг 14 ноябрь санасида “Ҳумо арена” муз саройида намойиш этилиши кутилаётган Оксана Чусовитинанинг “Менинг йўлим” номли театрлаштирилган спорт шоусига тайёргарлик ишлари бошлангани ҳақида эълон қилинди. Ташкилотчилар мазкур шоуда жаҳон спортининг ёрқин вакиллари ҳам иштирок этиши кутилаётгани ҳақида таъкидлаб ўтишди. Бундан ташқари “Менинг йўлим” шоусидан аввал Чусовитинa бир қатор Олимпиада чемпионлари билан маҳорат дарсларини кўрсатиши белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш жоиз, Оксана Чусовитина билан учрашув юқори савияда ташкил этилди ва ОАВ вакиллари тадбир давомида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.