Умар ўғли Саид қора танли бўлиб, ҳозирги Сенегал давлатида 1770 йилда туғилган. Шу вақтларда унинг ота юрти Фута-Торо деб номланган.
Отаси бадавлат инсон бўлгани учун Саид болалигидан ислом илмини ўрганди ва араб имлоси билан бир қаторда дунёвий фанларни ва диний таълимотни чуқур ўрганиб олди. Маълумотларга кўра Саид 1790 ва 1805 йилларда Маккага сафар қилиб ҳаж амалларини бажарган. Саид савдо-сотиқ ишлари билан бир қаторда мактаб ташкил этиб, болаларга таълим ҳам берган.
Саиднинг қандайдир ишини нотўғри талқин қилишиб, қабиладошлари уни америкалик қулдорларга сотиб юборишади ва аввал Чарльстонга кейинроқ, Жанубий Каролина штатига келиб қолади. Бу ерда уни Жонсон исмли қаҳри қаттиқ қулдор сотиб олади, жуда қийнаб ишлатади. Қийноқларга ва таҳқирларга чидайолмаган Саид Шимолий Каролинадаги Фейетвилла номли жойга қочиб келади. Аммо уни тутиб олишади ва қамоққа ташлашади.
Саиднинг илмли, саводли қул эканлигидан хабар топган Жеймс Оуэн сотиб олади ва унга яхши муомалада бўлади. Саводли қул шу даврда Қуръони Карим сураларни қайтадан кўчиради. Ўзининг тили ва илмини сақлаб қолади. Яшаш учун курашлар натижасида Саид 1820 йилда христиан динини қабул қилади ва инглиз тилида дарслар бера бошлайди. Аммо, у ўз динидан, эътиқодидан мутлоқ воз кечиб кетмайди ва икки динни биргаликда тенг кўради ва амалларини бажаради. У ўзи қайта кўчирган Библияда Қуръони Каримдан кўчирилган “Ан Наср” сурасини топиш мумкин.
Умар ўғли Саид ҳақиқий олим бўлиб қул сифатида яшаса-да, ундан бир қатор китоблар қолган, масалан, вафотидан сўнг араб тилидаги 14 та қўлёзмасини топишади. 1831 йилда Саид Умар ўғли ўзининг ҳаёти акс эттирилган автобиографик китобни ҳам ёзади. Ушбу китобда умрининг охиригача ислом динига содиқ қолганлигини ёзади. 1863 йил 93 ёшида фоний дунёни қул сифатида тарк этади. Қайси бир колонизаторлар унга озодлик бериб, Африкага бориб христиан динини тарғиб қилувчи миссионерликни таклиф қилишади. Аммо, у таклифни рад этади ва қул сифатида Шимолий Каролинада қолишни афзал кўради.
Умар ўғли Саиднинг ёзган китоблари Шимолий Каролинадаги Уилсона университети кутубхонасида, Дэвидсон-коллежида, Шимолий Каролинадаги ва Андовер теология семинарияси кутубхоналарида сақланмоқда. Шимолий Каролинадаги Фейетвиллада узоқ вақт яшагани ва фаолият кўрсатгани учун унинг номига қуйилган масжид бугунги кунда ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Мен Жанубий Каролинадаги музейда бўлиб, бу буюк инсон ҳақида ўқиб маълумот олдим. Илмли инсон гарчанд, қул бўлса ҳам жамиятда ўз ўрнини топа олишини ҳис қилдим. Илм ўрганиш кишининг нафақат кўзини, балки тақдир йўлларини ҳам очиб, эзгу томонларга йўллайди, деган хулосага келдим. Умар ўғли Саиднинг номи эъзозланиб, асарлари асрлар оша иззат ва икромга сазовор бўлиб келаётганлиги бунинг далилидир.
Манба: nationalmbc.org. Шимолий Каролинада Умар ўғли Саид номига қуйилган хотира лаҳваси
Дилором ЁРМАТОВА, профессор