Зилолабону Холиқова фаолияти – волонтёрликнинг ёрқин намунаси

0
529
марта кўрилган.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий  ассоциацияси  кенгаши раиси Насимжон Алимов телефон қилиб, Шарқ зиёкори»даги тадбирга таклиф қилди. Китоб магазинида ўзимнинг ҳам ишим борлиги учун олдинроқ бордим. У ерда тадбир қаҳрамони волонтёр қиз Зилолабону Холиқова ва унинг оиласи билан танишдим.

Зилола интернет орқали ижтимоий тармоқда “Оҳу” клубини ташкил этган ва волонтерлик асосида ишлаб келаётган фидойи инсон. Волонтёрлик бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, кичкинтойларни рағбатлантириш йўлидаги амалга ошираётган фаолияти мени қизиқтирди.

Кўнгиллилик асосида ишлаётган қиз ижтимоий тармоқда ёш ижодкорлар ўртасида “Яхшиларнинг яхшиси” танловини эълон қилган. Танловга турли вилоятлардан 50дан ортиқ  ижодкорлар ўз фаолияти ҳақида шеър, ҳикоя, картиналарини жўнатишган. Раққослар ва қўшиқчилар эса ўз тасвирлари билан қатнашишган.

 Волонтёр қиз тадбирда бешта йўналиш бўйича  20 ижодкорни рағбатлантирди. Улар сафида Чуст туманининг 69-мактаб 5-синф ўқувчиси Гўзал Қосимова рақс йўналишида, Дурзода Даминова ҳам ушбу йўналиш ғолиби бўлди. Жасур Жумаев рассомлик иқтидорини учун пешқадам бўлиб, тадбирда ўз кўргазмасини намойиш қилди.  Ҳикматилла Аҳмаджонов ашула йўналишида қадимий мақом қўшиқларини куйлаб барчани хушнуд қилди.

Мен тадбирда меҳр-муҳаббат ғолиб дегим келди. Зилолабонунинг тадбирини акаси ”Шарқ зиёкори” китоб магазинининг директори Умид Холиқов уюштириб берди. Онаси “Шухрат” медали соҳиби актер Раъно  Қодиржонова, опаси Лайло Носирова ёнида қўш қанот бўлишди.

ЎзННТМА Кенгаши раиси Насимжон  Алимов, “Олтин мерос” жамғармаси раиси Амирқул Каримов,  “Умрбоқий мерос” маркази раҳбари  Лутфия Мирзаева Зилолабону Холиқовани фахрий ёрлиқ билан қутлаб, эсдалик совғалари тақдим қилишди.

 Мен ҳам гўзал сийратли ва сувратли қизнинг саъй ҳаракатларидан интилишларидан хурсанд бўлиб,  фидойилигини рағбатлантириб, “Юрт қўшиқлари” муаллифлик китобимни «Соғлом она ва бола» марказимиз номидан армуғон қилдим.

Мамлакатимизда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.  Кўнгллиларга ҳукуматимиз алоҳида эътибор бераётгани бежиз эмаслигини шу жамоатчи қиз тимсолида кўрдим.

Шунингдек, тадбирда меҳр-оқибат, инсонийлик, миллий қадриятларимиз бардавомлигининг гувоҳи бўлдим.  Тадбирда менга сўз берилганида  ҳаётда ҳамиша меҳр –муҳаббат, самимият, эзгуликлар ғолиб бўлганлигини таъкидладим.

Қизим Зилолабону болагида касалликка чалиниб, қулоқи эшитмайдиган бўлиб қолди. Лекин гапира олади. Исътедодли. “Меҳригиё”, “Бахт қўнғироқи” каби кўплаб тўпламларда ижод намуналари чоп этилган. Ижод намуналари ҳинд, рус, тожик, қозоқ тилларидаги алманахларга ҳам кирган. Биз қизимнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишини, севган касби бўлишини  жуда-жуда хоҳлаймиз, – дейди Зилолабонунинг онаси Раъно  Қодиржонова.

Зилолабону ҳаётда аллақачон ўз ўрнини топган бўлиб, исътедодли қизга ҳамиша эзгуликлар қанотида яшаб, орзу тилакларига етиб юришида тилакдошмиз!

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.