Ижтимоий ва тиббий муҳофазани кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

0
128
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Маълумки, мазкур касаллик жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир этмоқда. Одамлар саломатлигидан иқтисодиётни устун қўйган давлатларнинг аччиқ тажрибаси бу йўлнинг нечоғлик нотўғри эканини кўрсатмоқда.

Шу боис мамлакатимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинди.

Хусусан, карантинга олинган фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида биринчи босқичда 10 минг ўринга мўлжалланган карантин зонасини барпо этиш ишлари якунланмоқда.

Ушбу вилоятда 2 та беш минг ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилмоқда. Унинг мингталик биринчи блоки яқин кунларда фойдаланишга топширилади.

Бундан ташқари, Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида ҳар бири минг кишилик модуль касалхоналар ва карантин пунктларини жиҳозлаш ишлари бошланди.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Соғлиқни сақлаш ва молия вазирликларига 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Шифокорларимизга амалий ёрдам бериш ва уларнинг малакасини ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш, тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни кунига 5 миллион донага етказиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарурлиги таъкидланди.

Сурункали касалликка чалинганлар ҳамда 60 ёшдан ошганлар ташқарига чиқмаслиги, бундай ходимлар 100 фоиз меҳнат таътилига чиқарилиши тавсия этилди.

Тиббиёт ва ҳарбий олий ўқув юртлари талабаларидан иборат кўнгиллилар жамоасини тузиб, ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқ оилаларга ҳамда олис ҳудудларга озиқ-овқат, гигиена ва дори воситалари етказиб беришни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори-дармонлар, субстанциялар, тиббий техника ва бошқа зарур товарларни божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги фармонига мувофиқ, бу борада кўплаб имтиёз ва преференциялар белгиланган эди.

Бугунги йиғилишда давлатимиз раҳбари бизнес вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда, уларга яна қўшимча енгилликлар бериш зарурлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмайди. 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди. Карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилади. Шунингдек, барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилади.

Бундан ташқари, карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланади. Аҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби вақтинчалик бекор қилинади.

Йиғилишда янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилиши маълум қилиниб, унинг асосий вазифалари кўрсатиб ўтилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.