Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, карантин даврида аҳолини зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айни кунда Президентимиз ташаббуси билан юртимиздаги 358 та деҳқон бозори ва улардаги “Элга хизмат” корхонаси жалб этилган ҳолда маҳаллаларда соддалаштирилган кўчма савдо дўкони ташкил этилмоқда.
Кеча ана шундай кўчма савдо дўкони Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий номидаги маҳаллада уюштирилди.
– “Элга хизмат” корхонасининг кўчма савдо дўкони карантин бошланганидан буён маҳалламизда учинчи марта ташкил этилмоқда. Аввалроқ, Самарқанд ва Ракатбоши кўчаларида уюштирилган бўлса бу сафар Юнус Ражабий кўчасида ташкил этилди. Савдо пайтида барча санитария-гигиена талабларига амал қилинаяпти, хоридорлар оралиқ масофа сақлашмоқда. Маҳалла аҳли нарх-навонинг кўнгилдагидек эканлигини таъкидлаб, ҳукуматимизнинг аҳоли тинчлигини, саломатлигини кўзлаб тезкорлик билан амалга ошираётган ишлардан хурсанд бўлмоқда. Ногиронлик ва кексалик нафақалари ҳам ўз вақтида уйларига етказиб берилди. – дейди Юнус Ражабий маҳалла кенгаши раиси Улуғбек Ҳакимов.
Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилиши Президентимиз томонидан таъкидланган эди. Маълумки, карантиннинг илк кунлариданоқ халқимиз жипслашиб, саховатпеша инсонлар ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва хавфсизлик қоидаларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш мақсадида хайр-эҳсонлар Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да жамланмоқда ҳамда колл-центрга келиб тушган мурожаатлар асосида маҳалла вакиллари ва кўнгиллилар гуруҳлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга тарқатилмоқда. Тарқатма учун 20 та “Дамас” автомашинаси ажратилиб, улар барча ҳимоя воситалари билан таъминланган.
– Ушбу ташаббус жуда яхши бўлди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу тартибни вилоят марказларида ҳам ташкил этмоқда. Кеча якшанба куни “Ўзэкспомарказ”дан бизнинг Юнус Ражабий маҳалламизга ҳам 18та тўплам келди. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тарқатдик. Маҳалла аҳли Президентимизга ва ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигини билдирмоқда. Маҳалламизда 7 мингдан ортиқ аҳоли бор. Карантин даврида 100 дан ортиқ кам таъминланган оилаларни, имконияти чекланган кишиларни ва фахрий кексаларимизни йўқладик. Ҳар куни камида 2-3 оиладан хабар оламиз – дейди маҳалла етакчиси Улуғбек Ҳакимов – Бу курашда Президентимиз томонидан юксак тиббий-амалий чоралар кўрилмоқда. Биздан талаб этиладигани шуки, карантин даври тартиб- қоидаларига қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият билан ёндошмоқ, халос. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шартлигини кўча боши, кўп қаватли уйларнинг етакчилари орқали телемулоқотларда маҳалла аҳлига ҳам сингдирмоқдамиз.-дейди маҳалла етакчиси Улуғбек Ҳакимов.
Дарҳақиқат, ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига, карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!
Ўзимизни, оиламизни асраш, элимиз бирла жумлаи жаҳонни асраш демакдир!
Р. ЗАРИПОВА