Муаззамхоннинг невараси   Абдурахмон онлайн халқаро олимпиада ғолиби!

0
408
марта кўрилган.

Жамоат қўрғонининг фидойиси, темир   қалқони  Муаззамхон Ҳасанова пойтахтдаги Юнус Ражабий номидаги маҳаллада Оилаларни мустахкамлаш ва  миллий кадриятларни тиклаш бўйича мутахассис бўлиб фаолият юритади.

Маҳалла  меҳрибони Муаззамхон ҳар  бир кишига эътиборли, ҳатто, улардан бирининг қўлига тикон кирса жони ҳалак. Маҳаллада, ногоҳон янги қуш сайраса билади. Байрамларда, наврўз  тантаналарида, турли тадбирларда    аҳли аёлларнинг бошини қовуштириб, жиззали нонлар ёпиб, меҳмон кутади. Катталарни маҳалланинг оқсоқоли отахоним, меҳрибоним онахоним, дея кўнглини олади. Ёшларни, кичкинтойларни қўрғонимиз қалқони, дея суяди. Ҳар бир инсонни таниш, дилини топиш учун йиллар керак бўлади, албатта. Муаззамхон ушбу маҳалла кенгашида йигирма беш йил меҳнат қилиб, обрў-эътибор, иззат ҳурмат  топди.

Мен уни яна бир хусусиятини хуш кўраман. Қуръони каримдан қироат қилса, сайраб турган булбуллар ҳам лол қолади.  Яна бир яхши фазилати бор. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшашга маҳалладошларини ундайди. Гоҳ-гоҳида анҳор бўйларида учрашиб қоламиз. Албатта, бу карантиндан аввалги гап. Мен каби неваралари қуршавида, баъзан маҳалладошлари даврасида бадантарбия машқлари билан шуғулланаётган бўлади. “Касал бўлиб, дориларга мукка кетгандан кўра соғлом турмуш тарзи афзалда Раъно опа. Бизга Оллоҳ шундай гўзал жойда яшашни насиб айлаган экан, қани энди, маҳалланинг барча аёлларини соғлом турмуш тарзига ўргата олсак”, дейди у самимият билан.

Ана шу ташаббускор, куйинчак Муаззамхоннинг невараси  халқаро олимпиада ғолиби бўлди. Ҳалқимизнинг “От изини той босади” деган маталининг  намунаси шуда!  Абдурахмон Эркинов  Эргаш ўғли Россияда 6-синф ўқувчилари  учун адабиёт фани бўйича   онлайн тарзда ўтказилган “Время знаний” халқаро олимпиадасида 1-ўринга муносиб кўрилди. У пойтахтимиздаги 280- мактабнинг 6-синфида таҳсил олади. 

 Айнан уйда ўтирган карантин даврига режалаштирилган ушбу халқаро  олимпиада оила катталарининг ўз фарзандларига  эътиборини қаратишдан иборатдир. Лекин, ҳамма ҳам шунга эътибор беравермайди. Бунинг учун мутолаа маданиятининг  аҳамиятини тушуниш, фарзандини  изланувчанликка, ташаббускорликка ундай билиш керак.  Абдураҳмоннинг бугунги ютуқи бувисининг ва  ота-оналарининг қувончлари  ана шу саъй- ҳаракатларнинг самараси деса арзийди.

Мамлакатимизда онлайн ўқув соатлари ТВ орқали мунтазам берилмоқда. Уйда ўтириб ижодий фикрлаб, яратилган замонавий технология имкониятларидан ўқувчиларнинг самарали фойдаланишида  педогоглар билан ота-оналар зиммасига ҳамкорлик масъулияти  юкланади. Педогоглик  бугунги кунда ота-оналар зиммасида. Йўл-йўриқ кўрсатиб бориш эса ўқитувчилар  вазифалари бўлиб қолди. Буни қизимнинг телефони мунтазам бандлигидан ҳам англайман.  Бўш қолганида ўзи телефон қилиб, боя талабаларим билан гапиришаётган эдим деб, узр сўраб қўяди.

 Азиз юртдошлар, уйда қолинг, бўш вақтларингиздан самарали фойдаланинг. Аллоҳ берган бу синовнинг эзгу томони шуки,  фарзанндингизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида эътиборли ва ғамхўр бўладиган пайт келди. Оиламиз, халқимиз, балки бутун дунё аҳлини тожливирус ташвишга солиб турган пайтда ҳукуматимиз кўрсатмаларига амал қилиб, карантин қоидаларига риоя этиб, Муаззамхон ва невараси Абдурахмондек ҳар бир дамдан самарали фойдаланинг!

Бизнинг Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” марказимиз  ҳамда  gujum.uz электрон нашримиз бу касалликка қарши кураш йўлида бирлашишни ўзининг давлат ва халқимиз олдидаги бурчи деб билади. Ўйда қолиб фарзанд тарбияси билан самарали машғул бўлаётган оилалар ҳақида мақолалар бериб боряпмиз.  Карантин даврини фарзандлар таълим- тарбияси билан самарали ўтказаётган кишилардан мунтазам хатлар ҳам келиб турибди. Мана бугун карантин даврида олимпиадада онлайн ғолиб бўлганлар ҳакида  тўртинчи мақоламизни беряпмиз. Оила даврасидаги ушбу  фаолият ҳам қувончли ҳам самарали!

Синов  палласида аввало ҳар биримиздан матонат ва юксак маданият талаб этилади. Синовларни енгиш йўлида якдиллик, бир тану бир жон бўлиб юрт раҳбарининг, ҳукуматнинг, кўнгилиларнинг атрофида жипслашиш бугун ҳар доимгидан муҳим бўлиб, шу йўл билан оиламизни, яқинларимизни асраб қоламиз.

Азиз юртдошлар! Ватан тараққиёти, юрт шаъни, миллат саломатлиги, келажак авлод соғлиги, эл тинчлиги  бугун ҳар биримизга боғлиқ! Бу курашда ҳар биримиз масъулмиз! Шуни унитманг.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.