АОКА ҳузурида ташкил этилган штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида ўтказилган брифинг долзарб мавзуга бағишланди.
Савол: Маҳаллаларда кийим-кечак савдоси билан шуғулланишга рухсат берилибди. Бу қанчалик асосга эга ҳамда ҳозирги карантин даврида бунга зарурат борми?
Жавоб: Саволингиз ўринли. Карантин чекловларининг 2020 йилнинг 10 майига қадар узайтирилганини ҳисобга олиб, аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилди. Жумладан, ноозиқ-овқат буюмлар (кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар) савдосига сайёр савдо нуқталари орқали ташкил этишга рухсат берилди.
Бунда ижтимоий масофа (2 метр) сақланиши ҳамда бошқа санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши мажбурий этиб белгиланган.
Ҳа, бу тартибни жорий қилишга эҳтиёж бор. Сабаби баҳор келиши билан аҳолининг ўз томорқаларидан фойдаланиши, унга турли экинлар экиш зарурати туғилади. Бунинг учун албатта, маҳсулот уруғлари, ерга ишлов бериш учун хўжалик буюмлари керак. Бугунги карантин даврида бу масалаларнинг энг оқилона ечими сифатида ҳудудларда мазкур маҳсулотларнинг сайёр савдоларини ташкил этишни айтиб ўтиш жоиздир.
Савол: Тошкент шаҳрида яшайман. Карантин туфайли ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга нақд пул шаклида ёрдам бермоқчи эдим. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ҳисоб-рақамига пул ўтказсам бўладими?
Жавоб: Марказларнинг асосий вазифаси, ҳомий ташкилот ёки фуқароларимиз томонидан тақдим қилинаётган озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари ҳамда тиббий буюмларни қабул қилиб, барча санитар-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда жойлардаги аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига етказиб беришдан иборат.
Сиздан мазкур хайрия маблағингизни «Меҳр-шафқат ва саломатлик» Жамоат фонди ҳисоб-рақамларига ўтказишингизни сўраймиз. Ҳозирда Фонд маблағлари коронавирус касаллиги натижасида юзага келган мавжуд муаммоларни ҳал этиш билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизни моддий қўллаб-қувватлаш учун ҳам доимий йўналтириб борилмоқда.
«Меҳр-шафқат ва саломатлик» Жамоат фонди ҳисоб-рақамлари расмий сайти — mehrshafqat.uz ҳамда ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинган.
Савол: Ҳозирда маҳалламизда карантин қоидаларини бузган фуқароларга маҳалла ходимлари ва профилактика инспекторлари томонидан турли таъсир чоралари кўриляпти. Бу бўйича қанақадир ойлик ўтказилаётган экан. Шу ростми?
Жавоб: Шу йилнинг 28 мартидан бошлаб «Оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш» тарғибот ойлиги ўтказилмоқда.
Ушбу ойлик доирасида бугунги кунга қадар республикамиздаги мавжуд 9121 та фуқаролар йиғинлари томонидан жами 1 910 936 та оила ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида 21 260 та оилада аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилди.
5 758 та оила бўйича карантин талабларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан Ички ишлар бўлими ҳамда Санитария-эпидемиология назорати ходимлари томонидан баённомалар расмийлаштирилди ҳамда огоҳлантирилди.
Уларнинг айримларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддасига асосан тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.