Айни кунда бутун дунё аҳли каби ўзбек халқи ҳам синовли дамларни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимиз аҳли тождор вирусни даф қилишда бир тану бир жон бўлиб, ҳамкорликда ҳаракат килаётгани қувонарлидир.
Юртбошимиз томонидан имзоланаётган ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ва билдирилаётган фикрлар хамда саъий харакатлари ва дастлабки кундан-оқ, Республика махсус комиссияси тузилганлиги, ҳуқуматимиз аъзолари ва жойлардаги маҳаллий депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг барчаси фуқароларимизнинг, энг аввало халқимизнинг осойишталиги ва соғлигини таъминлашга йўналтирилган.
Айни синовли кунларда халқимизнинг маънавий қадриятлари – меҳр- оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатлари ўзлигини намоён қилмоқда. Минглаб кўнгиллилар якка ёлғиз кишилар, қариялар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилаларнинг ҳолидан онлайн хабар олиб, уларнинг эҳтиёжларини хайрия ёрдамларини мувофиқлаштириш марказларига онлайн етказиш ишлари билан шуғулланмоқдалар.
Аслида бошга синовлар тушганида эзгу фикратли инсонлар жипслашади, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Айни синовли кунларда халқимизнинг маънавий қадриятлари – меҳр- оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатлари ўзлигини намоён қилмоқда.
Айниқса, бугунги шароитда жойларда кекса ёшдаги фуқароларимизга эътибор алоҳида бўлиб, уларга энг зарур бўлган маҳсулот ва дори-дармонларни етказиб бериш хар биримизнинг бурчимизга айланган.
Шу ўринда, жорий йилининг 29 апрелида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам кўрилган масала “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ишларни манзилли йўлга қўйиш хамда аҳолини бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, улар доирасида эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга амалий кўмак бериб келинмоқда.
Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали қилинган мурожаат асосида Сергели туман Халқ депутатлари Кенгаши депутати Ж.Мирзаев билан бирга Сергели туманидаги “Учувчилар” маҳалласида истиқомат қилаётган ёлғиз фуқаро К.Садиқовни ҳолидан хабар олдик, унга 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бердик. Кекса кишига бир оғиз сўз куч-қувват бўлади. К.Садиқов суҳбат жараёнида шундай деди: – Юртимизда синовли кунларда ёши улуғларнинг ҳолидан хабар олиш, амалий ёрдам бериш анъанага айланганини ўз ҳаётим мисолида кўриб турибман. Маҳалламиз вакиллари тез-тез хабар олиб туришади. Депутатлар билан учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Чунки мени миннатдочилигимни тегишли ташкилотларга етказасиз.
Азиз юртдошлар, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган мамлакатимиз Президентининг «Рамазон ойида эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ, деган сўзларига саъ-ҳаракатларимиз билан жавоб берайлик. Куч – бирликда ва эзгуликда!
Ҳаётхон ҚЎЧҚОРОВА, Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгаши депутати