Тупроққалъа – бунёдкор халқимиз қудратининг ўзига хос шаҳодатномаси!

0
383
марта кўрилган.

Ҳар йили халқаро ҳамжамиятга турли мамлакатлар ва ҳудудлар ҳақида ранг-баранг статистикалар, рейтинглар тақдим қилинади. Энг қиммат ёки арзон, хавфли ё хавфсиз мамлакатлар, бой ёки камбағал, бахтли ё бахтсиз шаҳарлар сингари жадваллар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Албатта, ҳар қандай давлат  ушбу жадвалларнинг ижобий маънодаги юқори поғоналаридан ўрин олишга интилади.

Чунки, бу поғоналар ўша мамлакат халқининг фаровонлиги, осойишталигидан, шу билан биргаликда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий сиёсатининг тўғри ҳамда барқарор эканлигидан далолат беради. Шунингдек, бундай рейтинглардаги натижалар мамлакатга сайёҳлар ва инвесторларнинг қизиқишлари ошишига ёки аксинча бўлишига ҳам хизмат қилмасдан қолмайди.

Сўнгги йилларда юртимиз ҳам кўпгина халқаро рейтингларда эътироф этилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Инсон тараққиёти индексидаги ўрни 2017 йилда 189 мамлакат орасида 105-ўринда белгиланган бўлса, Иқтисодий эркинлик кўрсатгичи бўйича 2019 йил 140-ўринни эгаллади. Қувонарлиси, Gallup, Inc. томонидан анъанавий равишда эълон қилинадиган World Happiness Report 2020 бахтли мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон олдинги йилги кўрсаткичлардан уч поғона кўтарилиб, 153 та мамлакат орасида 38-ўринни банд этди.

Афсуски, жаҳон миқёсида ушбу кўрсатгичларни оладиган бўлсак,  барчаси ҳам бундай қувонарли эмас.  Ваҳолангки, нотўғри йўлга қўйилган сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мамлакатларнинг инқирозига, турли қора рейтингларда эътироф қилинишига ҳам олиб келади. Масалан, дунёнинг энг хавфли шаҳарлари рўйхатида Мексика, Венесуелла, Колумбия, Бразилия ва бошқа Марказий ҳамда жанубий Америка давлатлари санаб ўтилади ва бу мамлакатларнинг иқтисодий аҳволи ёки сиёсий тизими барқарорлиги бугун ҳам кафолатланмаган. Мутахассислар давлатларнинг хавфлилик сабабларини ўрганар экан сиёсий, иқтисодий, демографик, менталитет каби омилларни келтиришади. Ачинарлиси, тадқиқотчилар ер юзида сўнгги 20-25 йилликда жиноятчилик 3-4 баробарга ошганлигини, жиноятлар эса иш топа олмаётган ёшлар орасида кўпайиб бораётганлигини таъкидлашмоқда.

Айниқса, маъмурий, бюрократик муаммолар  – коррупция, лоббизм, ёлғон ҳисоботлар айланмаси сингари иллатларни ҳам пайдо қилиб, натижада, кўпчилик мамлакатларда иқтисодий депсиниш, катта молиявий қарздорлик каби макроиқтисодий таназзуллар ҳам учрамоқда.

Хўш, бу кўрсатгичларнинг бизга қандай алоқаси бўлиши мумкин?  Айнан мана шу халқаро тажрибадан тўғри хулоса чиқарган ҳукуматимиз, албатта, Президентимизнинг оқилона сиёсати асосида охирги йилларда ўзига хос қарорлар қабул қилди. Масалан, ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида, айрим муаммолар тўпланиб қолган ҳудудларнинг экстенсив ривожи учун маъмурий тузилишига ҳам жиддий янгиликлар киритилди. 2017 йил 3 ноябрдаги Президентимиз қарори асосида Тошкент вилояти негизида Тошкент тумани, вилоятга бўйсунувчи Оҳангарон, Янгийўл, Нурафшон шаҳарлари, 2019 йил эса Сурхондарёда Бандихон, Қорақалпоғистон Республикасида Бўзатов туманининг ташкил этилиши бунга мисол бўла олади.

Бу масалада бизнинг Хоразм вилоятимизда ҳам узоқ йиллар мобайнида қийнаб келаётган, ҳал қилиниши учун улкан сиёсий ирода ва ташаббус талаб қилинаётган муаммомиз бор эди. Ҳазорасп туманининг чекка ҳудуди саналган Тупроққалъа, Саримой посёлкалари ва Питнак шаҳри, юқорида таъкидлаганимиздек нотўғри ташкил қилинган маъмурий бошқарув, тўғри ёндашилмаган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида аста-секинлик билан ўзининг инфратузилмасидан маҳрум бўлаётганди. Яроқсизланиб бораётган логистика, канализация тузилмалари нафақат ҳудуднинг, балки мамлакатимизнинг ҳам урбанизация жараёнига ниҳоятда оғир юк бўлиб қолганди. Айтиш лозимки, охирги йилларда бу ҳудудда эркин иқтисодий зонанинг ташкил этилиши, инвестиция киритилишига давлат даражасида эътибор қаратилиши бир мунча жонланишга туртки бўлди.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12-13 март кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган таклифи натижасида, 11 апрель куни қабул қилинган “Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори ва қарор натижасида маркази Питнак шаҳри бўлган Тупроққала туманининг ташкил қилиниши аввало тарихий ҳақиқатнинг қарор топишини таъминлаган бўлса, иккинчидан, воҳанинг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини бартараф этишда катта қадам бўлди.

Келинг, сўзларимизни мисоллар билан ҳам тасдиқлаб борсак. Биринчидан, тарихий ҳақиқатнинг қарор топиши борасида — Хоразм Маъмун академияси тадқиқотчиларининг археологик изланишлари натижасида бу ҳудуддан Хоразм воҳасининг энг қадимги шаҳар ҳаробаси саналган Хумбузтепа топилган бўлиб, топилма ёши милоддан олдинги VIII асрга бориб тақалади. Ҳароба бундан салкам уч минг йил олдинги ҳунармандчилик маркази қолдиқи саналиб, ўз даврида воҳани кулолчилик маҳсулотлари билан таъминлаган улкан марказ ҳисобланган. Қадимда бундай катта кўламдаги ишлаб чиқариш механизмининг мавжудлиги бу механизмни ишлата оладиган ҳокимиятнинг ҳам бўлишини тақозо этар эди. Демак, Тупроққалъанинг туман сифатида алоҳида бирлик бўлиши бу ердаги шаҳарсозлик ва давлатчиликнинг тарихий тадрижи самараси, десак муболаға бўлмайди.

Иккинчидан, ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими эканлигини қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин. Бугун(қуйидаги барча рақамлар 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра) Тупроққалъа туманида 52 минг аҳоли истиқомат қилади. Бу унинг олдинги маъмурий ҳудуди саналган Ҳазорасп туманидан 4 баробар кам дегани. Ҳудудда фаолият юритаётган саноат корхоналари ҳам худди шундай. Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер эса Ҳазорасп туманига нисбатан 2.5 баробар кўп. Шундай бўлсада, Тупроққалъа туманида ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари Ҳазорасп туманидагига нисбатан 10 баробар, халқ истеъмол моллари 20 баробар кўп қийматни ташкил қилади.

Тупроққалъадаги корхоналар томонидан бир йилда 4,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, Ҳазорасп тумани 0,9 млн долларлик маҳсулот экспорт қилган, холос. Ваҳолангки, Ҳазорасп тумани 125 млн долларлик, Тупроққалъа эса 5 млн долларлик импорт амалиётини бажарган. Умумий капитал қўйилмаларнинг 63%и Ҳазорасп туманига йўналтирилган бўлса, 37 %и Тупроққалъа ҳудудига тўғри келади.

Энди бу маълумотларга бошқача нуқтаи назар билан қарайлик. Кўриб турганингиздек, барча иқтисодий кўрсатгичлар бўйича Тупроққалъа тумани Ҳазорасп туманига нисбатан илғор, яшовчан ва салоҳиятли. Аммо, шундай имкониятлар ва иқтисодий барқарор минтақада инфратузилма аҳволи қониқарсиз. Нафақат туманнинг, балки вилоятнинг иқтисодий локомативи бўлишга лойиқ ҳудудда битта ҳам тижорат банки ёки суғурта компаниясини учратмайсиз. Хизмат кўрсатиш обьектларининг атиги 10%игина Тупроққалъа ҳудудида жойлашган. Ҳудудда оилавий поликлиника умуман йўқ. Айтингчи, қайси иқтисодий тараққий этган минтақада бундай ҳолатни кўриш мумкин? Хеч қайси!

Энди-чи? Тупроққалъа тумани ташкил этилгач, биринчидан, туман маҳаллий бюджетга эга бўлади ва ушбу бюджетни ўз ҳаражатлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб тасарруф қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Иккинчидан, асосий саноат зонасидан айрилган Ҳазорасп тумани учун янги имкониятлар излаш фақат ва фақат ривожланишга хизмат қилади. Учинчидан, Хоразм вилоятининг урбанизация жараёнида янги саноатлашган шаҳарнинг, ҳудуднинг пайдо бўлиши минтақа ривожига ҳам катта таъсир кўрсатади. Тўртинчидан, Тупроққалъа ҳудудидаги аҳолининг ҳам иқтисодий аҳволи, турмуш тарзи яхшиланади.

Албатта, қарорлар, фармонлар қабул қилган билан, бир ҳудудга янги ном-у янги муҳр берган билан ҳолва битиб қолмайди. Ҳар қандай тараққиётнинг ҳам, таназзулнинг ҳам таг замирида инсон омили асосий ўрин эгаллайди. Баайни, Тупроққалъа аҳли ҳам барча даврлардаги сингари, бутун ўзбек халқи каби ўзининг меҳнатсеварлиги, бунёдкорлиги, янги марраларни забт этишга бўлган туганмас иштиёқи билан вилоятимизнинг гуллаб-яшнашига, воҳамиз жаҳоннинг барча нуқталаридан сайёҳлар — у тадбиркорлар интиладиган замин бўлишига ўзининг улкан хизматини қўшишига ишонамиз. Ишонганимиздек, келажакда албатта, Тупроққалъа бунёдкор халқимиз қудратининг ўзига хос шаҳодатномаси бўлади.

Б.Абдиримов, Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.