Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги кичик мажлислар залида “Кучли ижтимоий ҳимоя: Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида видео тасвирли онлайн амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан уюштирилган ушбу тадбирда марказий аудиторияда 20 нафар, ҳудудлардан эса 150 нафар киши қатнашди. Шунингдек анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Мусулмонлар идораси, “Муфтий Бобохановлар жамғармаси” ва бир қатор ННТлар ҳамкорлигида ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Содиқжон Турдиев амалий анжуманни кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамият ва оилаларда соғлом, барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни, тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилаётганини гапирди.
Шунингдек, Содиқжон Турдиев ўз сўзида кейинги йилларда аҳоли орасида оилавий ажримлар сони камайган бўлсада, масала долзарблигича қолаётганини, қайд қилинган никоҳларнинг 10 фойизи ажримлар билан якунланаётганини гапириб ўтди. Оиладаги маънавий муҳитни яхшилашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ривожланишига қўшаётган ҳиссасини оширишни вақтнинг ўзи тақозо этаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат ўтган йилда ажримлар сони 31,3 мингтани ташкил этиб, 2018 йилдагига(32,3 мингта) нисбатан 3 фоизга камайган. Ушбу йил январь- май ойлариида ушбу ҳолатлар сони 9,4 мингдан ошган.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Насимжон Алимов ўз маърузасида мамлакатимизда йилдан йилга нодавлат нотижорат ташкилотларининг самарали фаолият кўрсатишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганлиги, натижада уларнинг сони йилдан йилга ўсиш билан бирга ва фаолият кўрсатиш соҳалари кенгайиб бораётганлиги, масалан 1991 йилда республикада 100 га яқин ННТлар мавжуд бўлган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 10500 дан ортиқни ташкил этаётганини гапирди. Шунингдек у ўз сўзида фуқароларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларга, ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссининг ортиб боришига, жамоатчилик назорати ва фуқароларнинг фаоллигига боғлиқлигини таъкидлади.
– Аёлларни ва оилаларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш соҳасидаги 300 дан ортиқ ННТлар хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишда, эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни обод қилиш, ёшлар муаммолари, маънавият-маърифат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланади, – деди Н.Алимов
Шунингдек ўз сўзида, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришга алоҳидаэътибор беришаётганини таъкидлади.
Демак,анжумандан келиб чиққан хулоса шуки, бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ННТлар имкониятидан кенгроқ фойдаланиш зарурати туғилмоқда.
Анжуманда оилаларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш, оиланинг ижтимоий-маънавий муҳитини соғломлаштириш, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий профилактик тадбирларни кучайтириш ва ажримларнинг олдини олишда ННТлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.
Тадбирда кўтарилган масалаларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этиш, интервьюлар бериш, мунозаралар ташкил этиш мақсадга муофиқлиги таъкидланди.
Раъно САПОЕВА