Айни кунларда мамлакатимизда Олимпия захиралари коллежлари ўқувчилари ўртасида “Олимпия чўққилари” Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Мусобақаларда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тасарруфидаги коллеж жамоалари қатнашмоқда. Беллашувлар республика ҳудудидаги тегишли спорт базаларида сузиш, гимнастика, кураш, дзюдо каби спортнинг 19 тури бўйича бўлиб ўтмоқда.
Кеча пойтахтдаги Республика Олимпия заҳиралари коллежида юнон — рум кураши бўйича ўсмир йигитлар ўртасида беллашув бўлиб ўтди.
Мусобакаларни ўтказишдан асосий мақсад ва вазифалар нималардан иборат? Ушбу саволимизга Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг спорт мусобақалари бўйича мутахассиси Руслан Абдуллаев шундай деди:
– Мусобакаларни ўтказишдан асосий максад ва вазифалар коллежларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури”да белгиланган вазифалар бўйича спорт заҳираси коллежларида малакали спортчиларни тайёрлаш тизимини доимий равишда мувофиклаштириб бориш ҳамда ёшлар ўртасида Осиё ва Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этадиган иқтидорли спортчиларни тарбиялаш ҳамда танлаб олишдир. Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари учун захира спортчиларни тайёрлаш жараёнида ўқувчиларнинг маҳоратини ошириш ҳамда спорт турлари бўйича энг кучлиларини аниқлашдан иборат.
Республика Олимпия заҳиралари коллежи юнон- рум кураши бўйича бош мураббий Олимжон Қурбонов фикри: – Спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш мақсади ҳам кўзланган. Мусобақаларда коллежларнинг 8-9-10-синфларида таълим олаётган 2004-2005-2006 йилларда туғилган ўқувчи-спортчилар иштирок этмоқдалар.
– Кичик ёшдаги спортчилар қатнаша олмайдиларми?
– Кичик ёшдаги спортчилар ҳам қатнашиши мумким. Фақат махсус рухсатнома зарур яъни тиббий хулоса асосида иштирок этишлари мумкин.
Совриндорлар қанлай аниқланади? Ушбу саволга Спорт яккакурашлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби тренери, мусобақа ҳаками, Халқаро тоифа бўйича 1-даражали ҳакам Ғайратулла Абдуллаев жавоб берди: – Ғолиблик мусобакаларда эришган ўринлари яъни шахсий, гуруҳдаги ва жамоа беллашувларида қўлга киритган медалларига караб белгиланади.
Умумжамоа ҳисобида 1-2-3-ўринни эгаллаган жамоа Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 1-2-3-даражали диплом, кубоклари билан тақдирланадилар. Шахсий беллашувларда 1-2-3-ўринни эгаллаган мусобака иштирокчилари олтин, кумуш, бронза медалларига сазовор бўладилар ва 1-2-3-даражали дипломлар берилади. Гуруҳдаги мусобақалар иштирокчиларига 1-2-3-ўринни эгаллаган жамоалар 1-2-3-даражали дипломлар билан мукофотланади.
Суҳбат жараёнида шуни билдикки, дарҳақиқат, ушбу мусобақалар вояга етмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда, жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамиятини тарғиб қилишда ҳамда юқори тоифали спортчиларни тайёрлашда катта аҳамиятга эгадир.
Суҳбатдош: Жавлон САЪДУЛЛАЕВ
Бош саҳифада Шавкат Шафиев ҳакамлигидаги беллашув тасвири (Муаллиф олган сувратлар).