Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитидаги нутқи

0
138
марта кўрилган.

Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич!

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Авваламбор, халқаро Наврўз байрами давом этаётган ушбу файзли кунларда Сиз, азизларни кўриб турганимдан мамнунман.

Бугунги учрашувни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан муҳтарам оқсоқолимиз, Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти – Элбоши, Туркий Кенгашнинг Фахрий раиси Нурсултон Абишевич Назарбоевга чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.  

Анжуманимиз улуғ шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий яшаб ўтган қадимий ва навқирон Туркистон шаҳри билан боғлангани бежиз эмас.

Ушбу шаҳри азим “Турк дунёсининг руҳоният пойтахтларидан бири” сифатида эълон қилинишида чуқур рамзий маъно бор.

Маълумки, Мир Алишер Навоий ҳазрат Яссавийга “Туркистон мулкининг шайхул машойихи” деб юксак баҳо берганлар.

Аҳмад Яссавийнинг ўлмас мероси буюк аждодларимиз – Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий ва Бобораҳим Машраб каби шоирлар қаторида туркий халқларнинг умумий маънавий бойлиги сифатида ардоқлаб келинади.

Аҳмад Яссавий ўз даврида бутун мусулмон оламида “Ислом динининг қуввати” деб шуҳрат қозонган Бухорои шарифда Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний каби машҳур уламолардан таҳсил олгани ота-боболаримизнинг доимо сафдош ва ҳамфикр бўлиб келганини кўрсатади.

Ўзининг диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан обрў-эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга буюк Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этганини барчамиз яхши биламиз.

Шунингдек, Соҳибқирон бобомиз ушбу мажмуанинг моддий таъминоти учун вақф ташкил қилгани ва бу жамғарма асрлар давомида фаолият кўрсатгани эл-юртларимизнинг тарихий бирлигидан далолат беради.

Бугунги кунда Аҳмад Яссавий зиёратгоҳини барча қардош халқларимиз табаррук қадамжой сифатида чексиз қадрлайди.

Кўпмиллатли Туркистон шаҳри сўнгги йилларда тобора гўзал ва обод бўлиб бораётгани, улкан бунёдкорлик майдонига айланаётганига барчамиз ҳозир видеолавҳалар орқали гувоҳ бўлдик.

Бугунги фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Президенти ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиев ва озарбайжон халқини, Тоғли Қорабоғ ҳудудини қайтариб, тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклайман.

Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирамиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Муштарак тил ва ягона дин, тарихий ва маданий ришталар асосида шаклланган Туркий Кенгаш ташкилоти минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бормоқда.

Ташкилотимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўяр экан, биз ҳар қандай синов ва таҳдидларни биргаликда енгиб ўтишга тайёр бўлишимиз, мавжуд салоҳиятимиздан тўлиқ фойдаланишимиз зарур. Бу борада бизнинг олдимизда муҳим вазифалар турибди.

Биринчидан, иқтисодий алоқаларни кучайтириш бизнинг асосий мақсадимизга айланиши даркор.

Айни пайтда ишлаб чиқилаётган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжати асосида ҳозирги ва пандемиядан кейинги вазиятни инобатга олган ҳолда, аъзо давлатларга хос, яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини тайёрлашни таклиф қиламиз.

Бунда асосий урғуни кечаётган глобал инқирознинг салбий оқибатларини бартараф этиш, савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тиклаш ва янги шароитларда ривожлантириш, электрон тижорат ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бизнес ва ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга қаратиш лозим.

Иккинчидан, давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Туркий Кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси ҳамда Тараққиёт банкига эга бўлиш фурсати етди, деб ҳисоблаймиз.Бу борада амалий ишларни бошлаш тарафдоримиз.

Учинчидан, минтақамизнинг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш биз учун стратегик аҳамиятга эга.

Марказий Осиё ҳудуди орқали дунёнинг асосий бозорларига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатларига, Озарбайжон ва Туркиядан Европа давлатларига чиқиш муҳимдир.

Мазкур йўналишларда транспорт йўлакларини ривожлантириш ва йирик логистика инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш умумий манфаатларимизга тўлиқ жавоб беради.

Тўртинчидан, динимиз тарихида беқиёс из қолдирган улуғ боболаримиз мероси билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш эзгу интилишларимизга мосдир.

Бу борада мамлакатларимиз ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжойлар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга оширишни таклиф этамиз.

Бунинг учун Кенгаш доирасида Зиёрат туризмини ривож-лантириш дастурини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Бешинчидан, халқларимизнинг дунёвий фанлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ва бой маданий меросини чуқур ўрганиш, турли тадқиқотлар олиб бориш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиб этиш катта аҳамиятга эга.

Биз “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақомини олган Хива шаҳрида сентябрь ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказиш ниятидамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча аъзо давлатларни ушбу анжуманда иштирок этишга таклиф қиламиз.

Олтинчидан, биз Бокуда ўтказилган саммитда адабиёт ва санъат соҳасида Халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурган эдик.

Ташкилотимизга аъзо давлатларнинг Сиз, ҳурматли раҳбарларига Туркий Кенгашнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш ҳақидаги таклифни маъқуллаганингиз учун ташаккур изҳор этаман.

Ушбу мукофотни Мир Алишер Навоий номи билан аташ ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаганингиз учун ўз номимдан, Ўзбекистон халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бундай ҳурмат-эътибор ва ишонч биз учун катта шарафдир.

Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган, улуғ зот – Алишер Навоийга юксак эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламиз. Бу нуфузли мукофотнинг таъсис этилиши туркий бирлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шу ўринда Ташкилотимиз олдида турган муҳим ва устувор масалалар бугун қабул қилинадиган Туркистон декларациясида ўз ифодасини топганини ва уни қўллаб-қувватлашимизни маълум қиламан.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Сўзимнинг якунида Туркий Кенгашнинг фахрий раиси – оқсоқолимиз, Элбоши Нурсултон Абишевичга, Қозоғистон Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга бугунги мулоқотни юқори даражада ташкил этганлари учун яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, Ташкилотимиз нуфузи ва самарадорлигини ошириш йўлидаги шарафли ишларингизда улкан куч-ғайрат ва омадлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.