1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров телефон орқали мулоқот қилдилар.
Суҳбатда куни кеча ўтган мулоқотлар давоми сифатида икки давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар.
Ўз вақтида кўрилган ва ўзаро мувофиқлашган саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегараси қисмидаги вазиятни барқарорлаштиришга эришилгани ва унинг кескинлашишига йўл қўйилмагани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Марказий Осиё минтақасидаги барча масалаларни биродар мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида конструктив ва ишончга асосланган мулоқот орқали биргаликда ҳал қилиш борасида қатъий эканликларини яна бир бор таъкидладилар.