Башариятнинг оиладан кейинги бирлиги – бу маҳалладир!

0
199
марта кўрилган.

Кишиларнинг тарихан шаклланган, оиладан кейинги бирлиги – бу маҳалладир.  Инсон умрининг асосий қисми маҳаллада ўтади. Ўзбек маҳаллаларини йирик бир оилага ўхшатиш мумкин.

Дунёда қўшнисиз одам – қанотсиз қушга ўхшайди. Бизнинг миллатимизга хос қўшничилик бошқа европача қўшничиликдан тубдан фарқ қилади. Ғарб мамлакатларида ўзининг ён қўшнисини танимайдиган кишилар айбситилмайди. Бизда эса “Ён қўшни – жон қўшни”, “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Бир болага етти қўшни ота-онадир” деган мақоллар қўшничиликнинг нақадар муҳимлигини  кўрсатяпти.

 Бир киши  донишманддан “айтингчи, мен яхши одамманми ёки ёмонми, буни қандай билса бўлади?” – деб сўраганида, донишманд “бунинг йўли осон, бориб қўшниларингдан сўра, агар улар сен яхши десалар, демак яхшисан”, деб жавоб берган эканлар. Қўни-қўшнилар билан яхши муомалада бўлиш бизнинг гўзал анъаналаримиздан бири. Бирон тансиқроқ таом пиширилганида энг яқин ҳамсояларга улашилади. Қўшни бетоб бўлса биринчи бўлиб хабар олинади. Бу эса улар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада оширади. Ҳақиқатан ҳам барча яхши-ёмон кунларимиз маҳалла, қўни-қўшнилар орасида ўтади.

 Ёшлар обрўли маҳалла оқсоқолларидан ҳайиқиб турадилар, уларнинг салобатли таъсирида ўзларини ножўя ҳатти-ҳаракатлардан тиядилар. Маҳалларда озгина бўлса-да учраб турадиган тарбиясиз, оғзига нима келса шуни гапириб юрувчи, безори болаларни учратамиз. Аммо, уларни кўриб, билмаганга оламиз. Бу болаларга танбеҳ берсак, ота-онаси эшитиб, жанжал чиқаради, деган андишага борамиз. Бироқ, бу лоқайдлик ва андиша келажакда ёмон оқибатларга олиб келиши хам мумкин.

“Лоқайд кишилар яхлаб қолган кўлмакка ўхшайдилар”, деган эди немис файласуфи Иоганн Вольфганг Гёте. Бундай пайтда биз катталар лоқайд бўлмасдан, журъатлироқ, шижоатлироқ бўлишимиз, болаларни тарбияга чақиришимиз шарт. Керак бўлса, оиласига бориб, боласининг хулқини муҳокама қилишимиз, она-онасининг ақли етмаса уларга ҳам насиҳат қилишимиз, тушунтиришимиз зарур. “Ёмон болалар” бошқа болаларнинг ҳам тарбиясига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Маҳалладошларимизнинг обрўси, одоб-аҳлоқи, маданияти ва маънавий даражаси юксак бўлиши фарзандларимизнинг келажаги учун катта аҳамиятга эга. Ўзингиздан ортиб бировга ўзингизни бахш этишга куч топиш, ўз болангиздан ортиб, ўзганинг боласига ширин сўз айтиш, ўз уйингиздан ортиб, ўзганинг хонадони ҳам тинч ва обод бўлиши учун ҳаракат килиш бу бизнинг беназир қадриятларимиздан саналади.

Зеро, мамлакатимизда маҳаллаларга алоҳида эътибор бериляпти. Ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиб, ҳудудини ободонлаштириш чоралари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари  пойтахтдаги Парвоз маҳалласига ташриф чоғида шу борадаги ишлар ижросига эътибор қаратди. Бу ердаги намунали ишлар, гўзал қадриятлар бошқа маҳаллаларга ўрнак  бўлиши керак, дея таъкидладилар.

Дарҳақиқат, ҳар бир маҳалланинг ўз қадрияти, гўзал анъаналари, тажрибаси  бор. Улар  ўқилмаган китобларга ўхшайди. Инсон бир-биридан ўрганганидек маҳаллалар ҳам бир биридан ўрганиши, тажриба алмашиши  керак.

Бунинг учун ҳар биримиз маҳалламизни катта хонадонимиз, ажойиб анъаналаримизнинг давомчиси, гўзал миллий қадриятларимизнинг улуғловчиси  дея, азозлашимиз лозим. 

Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.