Кеча Президентимиз томонидан мактаб битирувчиларига йўлланган табрикни барча таълим соҳаси ходимлари, мактаб битирувчилари, қолаверса ота-оналар жуда ҳаяжон билан қабул қилдилар. Бундай мазмундаги табрик Ўзбекистон тарихида илк маротаба йўлланаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Қисқа муддатда таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари томонидан “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор остида ишлаш, таълимга қаратилган эътиборни кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Мазкур ўқув йилида вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларини 25 170 нафар ўқувчилар тугатаётган бўлса, шундан 372 нафари олтин, 179 нафари эса кумуш медаль олишга эришдилар. Шунингдек, 291 нафар ўқувчи муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.
Вилоятда 2021 йилда Инвестиция дастури доирасида 53 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Президентимизнинг ташрифидан кейин вилоятдаги умутаълим мактабларининг қурилиш таъмирлаш ишларига 219 млрд сўм маблағ ажратилиши давлатимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг бир кўриниши деб ҳисоблайман.
Бугунги кунда мамлакатимизда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган, айниқса, чет тилларига ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилаётгани барчамизни қувонтиради. Хусусан, Шовот туманидаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилиши Хоразм диёридан етишиб чиққан алломалар ворисларини тарбиялашга замин яратади.
Хива, Хонқа туманлари ва Урганч шаҳрида математика, Урганч туманида кимё-биология фанларини чуқур ўқитишга ихтисослашган мактаб, Урганч тумани ва Урганч шаҳридаги 3 та мактабда корейс, япон ва немис тилларига мўлжалланган ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.
Миллий рейтинг натижаларига кўра Хоразм вилояти Республикада 2-ўринни эгаллаб, олий тоифали педагоглар улуши бўйича ҳудудлар орасида биринчи ўринга чиқди. Бу эса республиканинг ўртача кўрсаткичидан деярли икки баробар кўп!
Трансчегаравий минтақалараро Халқаро баҳолаш ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра Хоразм вилояти таълим сифати ва таълим шароитлари бўйича ҳамда олий ва биринчи тоифали педогоглар салмоғига кўра Республикада биринчи ўринни эгаллади.
Ўтган ўқув йилида умумтаълим мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра республикада 7-ўриндан 5-ўринга кўтарилди. Ўтган ўқув йилида умуман битирувчиси олий таълим муассасаларига кира олмаган мактаблар сони 4 баробар камайди.
Шунингдек, вилоятдаги 547 та мактабнинг барчаси юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига уланиб, интернет тезлиги 100 баробарга оширилди. Вилоятдаги 484 та мактаблар kundalik.com платформасига ўтказилди.
Вилоятдаги 144 та умумтаълим мактаблари Корея Республикасининг “Эксимбанк” маблағлари ҳисобидан замонавий компьютерлар билан таъминланди. “Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси доирасида 22 000 нафардан ортиқ ўқувчиларимиз uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтдилар ва 12 000 дан ортиқ сертификатларни қўлга киритдилар.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан эълон қилинган стипендия танловида вилоятимиздан 8 нафар ўқитувчиларимиз хорижий олий таълим муассасаларида тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, бугунги кунда давлатимиз томонидан ўқитувчилар, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда.
Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги ёшларимизни руҳлантириб, уларнинг билим олишларига бўлган иштиёқини кучайтирса, соҳа ходимларини мана шундай ютуқларнинг бардавом бўлишига, ватан тараққиёти учун бор куч ва салоҳияти билан меҳнат қилишга ундайди.
Азиз битирувчилар! Сизни олдинда катта синовлар кутиб турибди. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, сизнинг барчангизни олий ўқув юртларига киришларингизга тилакдошман. Шу билан бирга Сизнинг синфдош, тенгдошларингиз орасидан ҳам бу йилги берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, олий маълумот олиш бахтига муяссар бўладиганларнинг сони ошишига ишонч билдираман.
Ватанимиз, эл-юртимиз сизлар каби фидойи ва жасур фарзандлари билан ҳамиша фахрланади!
Сизларни бугунги байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.
Хамро Бектемиров, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи