Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари Элбошини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Қозоғистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги алоҳида ўрни, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қўшаётган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни, маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни илгари суриш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий кун тартиби, энг аввало, Афғонистонда кескинлашаётган вазият юзасидан фикр алмашилди.
Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шу жумладан Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Фахрий раислик қилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Икки биродар мамлакат етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий, ишончли ва дўстона руҳда ўтди.