XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртларимиз иштирокини биринчи бўлиб мерган Мухтасар Тоҳирова бошлаб беради. Наманганлик спортчи 10 метрдан милтиқдан ўқ отиш дастурида 622.2 очко тўплай олди. Бу билан вакиламиз 33-кўрсаткични қайд этди.
Қиличбозликнинг сабля йўналишида 19 ёшли ҳамюртимиз Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга қарши жанг олиб борди ва 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Академик эшкак эшиш бўйича вакилларимиз Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги биринчи чиқишларини якунлашди. Енгил қайиқдаги жуфтлик баҳсларида иштирок этган вакилларимиз 2000 метр масофага кечган дастурда 6:44.98 дақиқа натижа қайд этишди. Бу билан улар ўз гуруҳларида тўртинчи ўринни банд этишди.
Теннисчи Денис Истомин ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кечган муросасиз беллашувда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Вакилимиз иккинчи сетда ғалаба қозониб, учрашувда бироз бурилиш ясагандек бўлди, бироқ ҳал қилувчи беллашувда ҳиндистонлик ракетка устасига омад кулиб боқди.
Шпага қуролида жанг олиб борган Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган беллашувда хитойлик қиличбоз 15:10 ҳисобида ғалаба қозонди.
Боксчи Шаҳноза Юнусова польшалик Каролина Косевска рақиблик қилди. Ёш вакиламиз тажрибали боксчига қарши муносиб жанг қилди. Бироқ, якунда польшалик боксчи ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.
Дзюдочи Шарофиддин Лутфиллаев 60 кг вазн тоифасида украиналик Артём Лесиукка қарши курашди. Муросасиз кечган беллашувда Шарофиддин Лутфиллаев кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпиадани эрта тарк этди. Шу тариқа украиналик дзюдочи кейинги босқичда медаллар учун курашни давом эттиради.
Санжар Турсунов жазоирлик Абдулхафид Бенчаблага қарши рингга кўтарилди ва тенг курашлар остида кечган жангда кичик фарқ билан мағлубиятга учради. Иккинчи раундни ўз устунлигида ўтказа олган Турсунов қолган раундларда ташаббусни бой бериб қўйди.
Ж. Саъдуллаев тайёрлади.