Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига уларни кутиб олиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан совға қилинган машина ва хонадонлар калити топширилган эди. Бугун дзюдо бўйича Токио-2020 совриндори Давлат Бобонов оиласи билан юртбошимиз томонидан совға қилинган «Trailblazer» автомобилида иккинчи мукофот – янги хонадонига ташриф буюрди.
Бобоновлар оиласи ушбу совғалардан жуда ҳам хурсанд ва кайфиятлари аъло бўлиб, янада улуғвор довонлар масъулиятини ҳис этишмоқда. Улар таассуротлари билан ўртоқлашар экан, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга ўзларининг ташаккурларини айтишди.
“Олимпия ўйинларида спортчилар ўз юрти, номи, оиласи шарафини ҳимоя қилади. Менинг ватаним учун кўрсатган кичик хизматим мана шундай баҳоланганидан жуда ҳам бахтиёрман. Келгуси Олимпия ўйинларида бу менга жуда катта мотивация беради”, – деди Олимпиада совриндори Давлат Бобонов. Айниқса, ушбу эътибор оиланинг кичик фарзанди учун катта маънавий — маърифий мактаб бўлди.
Токио-2020 Олимпиадасининг бронза медали соҳибларига пойтахтимизда қад ростлаётган “Greenpark” комплексидан 2 хонали уй совға қилинди.
GUJUM.UZ таҳририяти ҳам юртимизни шарафлаган чемпионни ютуқлар билан қутлайди. Уйларингизда тўйлар бўлсин, дея тилаклар билдириб қолади.