“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамиятида автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил этилди. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, шу йил март ойида ишга туширилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур заводдаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 миллион доллардан зиёд. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда “KIА”, “Renault” вa “Lada” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган. Бу машиналар юқори сифати, замонавий дизайни ва шинамлиги, тежамкорлиги, сервис хизматлари арзонлиги, бошқарув қулайлиги билан харидорларга маъқул келмоқда. Автомобилларга беш йиллик кафолат берилаётир. Корхонада 250 нафар мутахассис ишламоқда.
Давлатимиз раҳбарига лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди.
216 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадр тайёрлаш соҳаларини қамраб олади.
Яна бир муҳим томони, бу завод кўплаб кичик корхоналар, хизматлар ташкил топишига туртки бўлади. Масалан, ҳозирданоқ Жиззах шаҳри, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 500 миллион долларлик 60 та лойиҳа шакллантирилган. Шунингдек, Америка ва Европа нуфузли инжиниринг компаниялари билан бирга, вилоятда тажриба-конструкторлик ва дизайнерлик маркази ташкил этилади.
Президент маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автомобиллар нархини арзонлаштириш, харидорларга танлов имкониятини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.