Журналист аёллар кенгашининг йиғилиши

0
144
марта кўрилган.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Журналист аёллар кенгашининг раиси Феруза Адилова ва бошқалар мамлакатимизда аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий  фаоллигини ошириш, Ватанимиз келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини тобора кучайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.    

 Тадбирда қайд этилганидек, юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказишда журналист аёлларнинг ўрни катта. Бу жиҳатлар босма ва интернет нашрлари, телевидение ва радио соҳасида фаолият кўрсатаётган аёл журналистларнинг ижодий изланиши, ишга ўзига хос тарзда ёндашишида яққол намоён бўлмоқда.  

 Айни пайтда бугун журналист аёлларимиз фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги давра суҳбатида алоҳида таъкидланди. Зеро, жамиятда кечаётган ижобий  янгиланишлар билан бирга камчиликларни ҳам кўра билиш, улар ҳақида бонг уриш ҳар бир журналистнинг бурчидир.  

 Давра суҳбатида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров томонидан «Атиргул» танловини қайта тиклаш, ушбу танлов ғолибларини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирлаш таклифи киритилди. Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа қатор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган «Йил аёли» миллий танловида журналист хотин-қизлар учун алоҳида номинация жорий этилиши ҳам мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.  

 Кенгаш йиғилишида  сиёсатчи ва журналист Феруза Муҳаммаджонова бугунги кунда журналист опа-сингилларимиз сиёсий фаоллигини оширишда сўнгги йилларда эришилаётган натижалар, хусусан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар сафида хотин-қизлар ўрни ҳам ортиб  бораётгани аҳамиятга молик эканини қайд этди.  

 Тадбир қизғин фикр-мулоҳазаларга бой бўлди. Бир гуруҳ журналист аёллар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига қабул қилинди. Уларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.  

Манбаа: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.