“Тошкент  ёшларни севади” шиори остида 6 та йўналишда тадбирлар уюштирилади

0
134
марта кўрилган.

Тошкентда ноябрь-декабрь ойларида “Тошкент  ёшларни севади” шиори остида Ёшлар ойлиги ўтказилади.

Бугун пойтахт ҳокимлигида ушбу кенг қамровли тадбир олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этган тадбирда оммавий ахборот воситалари ва интернет журналистикаси вакиллари  қатнашдилар.

Ж. Ортиқхўжаев дастлаб «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»нинг ўтган тўққиз ойи мобайнида пойтахтда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, навқирон авлодга яратилаётган шарт-шароитлар, улар ташаббусларининг қўллаб-қувватланаётганлиги мамлакатимизда ёшларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлигининг амалий исботидир.

Жорий йилда ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 30 июнь  Ёшлар куни сифатида кенг нишонланди, шаҳар марказида барпо этилган  Беш ташаббус шаҳарчасида ёшлар форуми, “Ботаника” боғида  “Ўзбекистон талаба ва ёшлари” форуми уюштирилди. Яқинда яна бир лойиҳага старт  берилади. “Тошкент ёшларни севади” шиори остида “Ёшлар ойлиги” тадбирини ўтказиш мўлжалланмоқда. Бундан мақсад йигит-қизларда юртимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ёш авлоднинг илм-фанга, ижодга, маданият ва санъатга, спортга бўлган қизиқишини ошириш, талаба ва битирувчилар, уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишдан иборат.

Ёшлар ойлиги доирасида 6 та йўналишда йирик лойиҳалар ўтказилади. Хусусан, “Ёшлар спорт фестивали”, “Интеллектуал лойиҳалар фестивали”, “Ёшлар маданият ва санъат фестивали”, “Анъанавийлик ва замонавийлик” мода ва дизайн кўргазмалари, “Тажриба ва маҳорат”, “Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали” лойиҳалари шулар жумласидандир.

Матбуот анжумани давомида шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларига жавоб берди. Шунингдек, тадбирда олий ўқув юртларидан ташриф буюрган иқтидорли йигит-қизларнинг таклифлари эшитилиб, қўллаб-қувватланди. Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик ва дизайн институти талабасининг иқтидорли ёшлар кўргазмасини ташкил этиш, Тошкент юридик университети талабасининг ёшларнинг ZOOM дастури орқали ўтказиладиган халқаро семинарда иштирок этиши тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.