Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 июндаги қарорида ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим белгиланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.
Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Темурбеклар мактаби учун пойтахтимизнинг Юнусобод туманида янги бино қурилди.
Ташриф чоғида Президентимизга ҳарбий-академик лицейдаги ўқитиш тизими ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил октябрда бу ерга келганида ҳамда Хавфсизлик кенгашининг ўтган йилги йиғилишида ҳарбий таълимни такомиллаштириш, ёшларни юртимиз тарихи ва боболаримиз жасорати асосида ватанпарвар этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Темурбеклар мактабида ўқиш шундай ташкил этилган. Бунинг учун бешта кафедра: аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар, психология ва тарбия фанлари ҳамда касбий-амалий фанлар кафедралари очилган. Уларга юқори малакали педагоглар очиқ танлов асосида қабул қилинган.
Лицей тарих фани ва хорижий тилларга ихтисослашган. Ёшлар орасида бу ерда ўқишга интилиш жуда кучли. Жорий ўқув йилида 5 минг 600 нафар талабгордан энг билимли 100 нафари саралаб олинган. Бугунги кунда 220 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда.
Президент лингафон, психодиагностика ва маънавият хоналарини кириб кўрди. Амир Темур меросини ўрганиш марказида ёшлар билан суҳбатлашди.
— Мана шундай илғор мактабда ўқиётганингиз билан сизларни, ота-оналарингизни табриклайман. Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан! Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак. Мана, бу мактабда психология фанини ҳам киритдик, униям яхши ўрганинг. Сизларда ҳамма имконият бор, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда видеоконференция орқали Тошкент, Нукус, Фарғона ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги Темурбеклар мактаби ўқувчилари билан ҳам мулоқот бўлди.
Ушбу мактаблар ўқувчилари ўртасида маънавият бўйича танлов ўтказиш, Темур тузукларининг ҳар бир тузуги бўйича илмий шарҳлар ёзиш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари лицей кутубхонасида ҳам бўлди. У ерда китоб ўқиб ўтирган йигитлар таълим масканида яратилган шароитлар, ўқувчилар ўртасидаги дўстона муҳит ҳақида сўзлаб берди. Улар орасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бор.
— Мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди, ҳаммасининг ривожланиши учун шароит яратаяпмиз. Фақат қайси ёш ўзини қийнаб, вақтини бекор ўтказмай, кўпроқ билим олса, келажакда муваффақиятга эришади. Ҳамма буюклик ниятдан келади, меҳнатдан келади, — деди Президент.
Лицейнинг ўқув биноси, спорт зали, ётоқхона, ошхона, тиббий хизмат марказида энг замонавий шароитлар яратилган. Шунингдек, мажмуа ҳарбий машғулотлар майдони, стадион, сув ҳавзаси, автодром ва плацни ўз ичига олган.
Темурбеклар мактабининг Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати академияси билан ёнма-ён барпо этилгани ҳам аҳамиятли. Бу ерда талабалар ва ўқувчилар ҳамоҳанг муҳитда, устоз-шогирд, ака-ука бўлиб камолга етади.
Президент ушбу академиядаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.