Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ғазалхонлик бобида қадимий гўзал анъанани инновацион даврга мослаб давом эттирмоқни ният қилибди. Фозил Фарҳод «Шарқ юлдузи» журналининг телеграм гуруҳида шундай деб ёзади:
«Халқимиз ғазал ўқишни яхши кўради. Бизда қадимдан ғазалхонлик кечалари ғоят файзли тарзда ўтганиям чин.
Туркий тилда ғазал ёзишни мумтоз шоирларимиз бошлаб берган бўлса, анъанани бугуннинг шоирлари давом эттиряпти. “Ғазал ғизоли” китобига ана шундай замондош ижодкорларнинг асарлари жамланди. Бу тўпламни тарғиб қилиш мақсадида ғазалнавис ижодкорлар ўртасида чорлов ўтказишни ният қилдик. Унинг тартиби шундай: мазкур баёзга асари кирган ижодкор ўз ғазалини ўқийди ва навбатни ушбу тўпламга тааллуқли бошқа шоирга узатади.
Чорловнинг илк қатнашчиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бўлди. Устоз ижодкор ўзининг “То Навоий бор…”, “Чамандирсан” ғазалларини ифодали ўқиб, ёддан айтиб берди ҳамда навбатни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабекка узатди».
Шунингдек, Сирожиддин Саййид ўз чиқишида “Ғазал ғизоли” китоби сарлавҳасининг мазмун-моҳиятини ҳам шарҳлаб берди. Дарҳақиқат, сарлавҳа китобнинг узвийлигини таъминлаб, мантиқини англатиб турибди.
gujum.uz