СИНГИЛНИ ЭЪЗОЗЛАШНИНГ ҚАДРИ (ҳикоят)

0
194
марта кўрилган.

Бир киши маст бўлиб ариққа ағнаб тушди-ю, ўрнидан қайтиб турмади. Жума куни тонги эди, кўпчилик ҳайрон қолди: “Алкаш одам ҳам муборак жума куни ўлар экан-да?!”

 Мулла ижирғаниб жаноза намозини ўқиганидан сўнг аҳли жамоага қараб;

 – Бу инсон орқасидан ёмон гапириш бизга фарз эмас, аммо ибрат бўлиши учун биз уни қўшни қишлоқдаги эски қабристонга кўмамиз. Бизнинг қабристонда ҳожи бобою момолар ётибди, уларнинг орасига бошдан-оёқ гуноҳга ботган кимсани қўйсак ўтганларнинг қарғишига қоламиз.

 Одатда, тобутга ҳамма ёпишарди. Аммо, алкашнинг тобутига ҳеч ким ёнтошмади. Улар тобутнинг кўтаришда савоб йўқ дейишди, шекилли.

 Тобутни ўлган кишининг тўртта улфати елкалаб кетди. Улар марҳумни улуғлар эдилар.

 Қўшни қишлоқдан ўтаётганда тўсатдан тобут ичидан овоз келди.

–  Давонча қишлоғидан ўтаяпмизми, оғайнилар?

 Тўрт киши донг қотиб қолди. Шунда бир чол келди. У оппоқ кийиниб, бошига оқ салла ўраб олганди.

 – Нимага тўхтадинглар?

–  Марҳум гапирди.

 Чол кафанни очганди, ўлган киши атрофга аланглаб бояги саволини қайтарди.

– Давонча қишлоғидан ўтаяпмизми?

 – Ҳа.

 –  Бир соат вақтларингни олсам. Гўрга кечгача борамизда. Шу қишлоқда бир хаста синглим бор, ҳолидан хабар олай. Ҳар икки кунда хабар олиб турардим. Бугун келишим керак эди. ўлиб қолдим.

 Чол жилмайди.

 – Мен одам суратидаги Азроилман. Ўрнингдан тур-да, синглингнинг уйига бор. Кейин уйингга жўна. Истаганингча яша. Сенга жаннат нақд.

 Тўрт киши чолдан сўрадилар.

 – Жаннат нақдми?

 – Ҳа. Опа-синглисининг ҳолидан хабар олиб турган кишига Аллоҳ жаннатни нақд қилиб қўйибди, у ким бўлишидан қаътий назар…

Дилдора МАВЛЯНОВА тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.