Сенат Раиси БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 66-сессиясида видеомурожаати билан иштирок этди

0
132
марта кўрилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нюь-Йорк шаҳридаги қароргоҳида 14-25 март кунлари БМТ Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 66-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Унда БМТга аъзо 180 дан ортиқ давлатларнинг вакиллари анъанавий ва онлайн шаклда иштирок этмоқда.

Мазкур сессиянинг асосий мавзуси иқлим ўзгариши, атроф муҳит  ва талофатлар хавфини камайтиришга қаратилган сиёсий чоралар ва дастурларни илгари суришда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари бўлди.

БМТ Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 66-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева видеомурожаати билан иштирок этди.

Сенат Раиси Ўзбекистон конструктив мулоқот учун асосий ҳукуматлараро форум ва БМТ доирасида гендер масалалар бўйича асосий мувофиқлаштирувчи орган сифатида Комиссия фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни назарда тутиши, бу давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлиги, гендер масалаларида эришилаётган ютуқ ва натижалар алоҳида қайд этилди.

Жумладан, шу йилнинг январь ойида қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида хотин-қизлар масаласи, уларни келгусида ҳам жамият ҳаётида фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнида аёллар иштироки ва ролини янада ошириш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур тасдиқлангани ва унинг мақсадлари 2022-2025 йилларга мўлжалланган “БМТ-аёллар” стратегик режаларида назарда тутилган мақсадларга тўлиқ мос келиши алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, экологиядаги ўзгаришларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, ушбу муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон томонидан Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва янги ташаббуслар сессия иштирокчиларига етказилди.

Хусусан, бу борада қайта тикланувчи энергиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, Оролбўйи минтақасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, уларни амалиётга жорий этишда хотин-қизлар ролини ошириш, аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга урғу берилди.

Шунингдек, долзарб мавзу бўйича бошқа таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.