Фармацевтика тармоғидаги кўрсаткичлар таҳлил қилиниб, қўшимча вазифалар белгиланди

0
148
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Жорий йил 21 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-2026 йилларда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Йиғилишда шу борада бошланган ишлар, тармоқдаги лойиҳалар ҳолати танқидий таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан катта қисми – қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда.

Ҳудудлар кесимида олганда, маҳаллийлаштириш даражаси мутлақо қониқарсиз. Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.

Шу боис, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида лойиҳалар билан ишлаш тизимини янгидан қилиш вазифаси қўйилди. Дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

Хусусан, жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳа режалаштирилган. Мутасаддиларга бу борада тадбиркорларга кўмаклашиб, лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Йирик хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, уларнинг брендларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Инвестициялар лойиҳа маркази томонидан яна 18 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилган. Давлатимиз раҳбари уларни Ҳиндистон, Германия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиш бўйича тавсиялар берди. Янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда айланма маблағлар учун 200 миллион доллар кредит ресурслари жалб қилинадиган бўлди.

Тармоқдаги экспорт масаласи муҳокама қилинар экан, унинг катта қисми Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан бўлаётгани, қолган ҳудудларда бу кўрсаткич анчада паст экани кўрсатиб ўтилди. Янги лойиҳалар натижасида фармацевтика маҳсулотлари экспортини кескин ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига юртимизда талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича кўрсатма берилди. Бунда, айниқса, онкология, гематология, эндокринология ва вирусли касалликлар учун дорилар нархини арзонлаштириш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунгача дори ва тиббий воситалар ишлаб чиқариш учун қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хомашёлар рўйхати бешта идора томонидан тасдиқланар эди. Эндиликда бу рўйхат учта – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Шунингдек, энди маҳаллий корхоналарнинг “GMP” сертификатини олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади. Корхоналарни модернизация қилишни молиялаштириш Тўғридан-тўғридан инвестициялар жамғармаси иштирокида амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига 80 та туманни доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштириб, плантациялар ташкил этиш топширилди.

Бу тажрибани кенгайтиришда кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади.

Қайд этилганидек, доривор ўсимликларни қайта ишлайдиган корхоналар 2025 йил 1 январга қадар ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хомашё импортида божхона божидан озод қилинади. Уларга тайёр маҳсулотлар экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади, ҳар 10 гектар плантацияларга сув чиқариш учун 600 минг сўмдан субсидия ажратилади, доривор ўсимликлар плантацияларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлатимиз раҳбари доривор ўсимликлар кластерлари ташкил этиш, ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида фармацевтика бўйича факультетлар очиш таклифларини қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар, соҳадаги етакчи корхоналар раҳбарлари ва доривор ўсимлик етиштирувчи тадбиркорлар сўзга чиқди. Президентимиз уларнинг таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.