Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида саккиз йўналишда илмий-тадқиқот институтлари ташкил этилди

0
461
марта кўрилган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети фаоллар залида янги ташкил қилинган илмий-тадқиқот институтларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда илм-фан соҳаси ривожланишини қўллаб-қувватлаш жараёнида ёш олимлар фаолияти учун замонавий шарт-шароитлар яратиш, эришилган тадқиқот натижалари ва инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга бевосита татбиқ этилишига кенг имконият берилмоқда. Бу борада етакчи хорижий олий ўқув юртлари, машҳур “ақл марказлари” (“синк-танклар”), илмий ассоциациялар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, жаҳондаги энг илғор тажрибалар амалиётга жорий этилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида янги услубдаги қатор илмий тадқиқот институтлари ташкил этилди. Табиийки, бундай ўзгаришлар ёш олимларимиз томонидан бир неча йил олиб борилган халқаро доирадаги ҳамкорлик алоқалари, тажриба алмашинувлари, ўрганишлар, таҳлил ва хулосаларга асосланган бўлиб, асосий мақсад – республикамиздаги таълим тизими сифатини янада оширишга хизмат қилишдан иборат.

Хусусан, университетда чет тилларини ўқитиш методологияси ва амалий тилшунослик йўналиши бўйича халқаро алоқалар фаол ривожланмоқда. Бу борада, жаҳондаги 50 дан зиёд мамлакат олимларини ўзида бирлаштирган AAAL — Америка амалий лингвистика ассоциацияси (American Association for Applied Linguistics) билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ўзбек тадқиқотчиларининг мазкур нуфузли илмий ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо бўлиши баробарида, улар томонидан университетда олиб борилган тадқиқотлар натижасида эришилган инновацион ишланмаларининг дунёдаги етакчи тилшунослар томонидан эътироф этилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Ушбу халқаро профессионал ассоциация 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, у тилшунослик, чет тилларни ўқитиш, тегишли дискурс таҳлиллари, риторика ва стилистика, иккинчи хорижий тиллар педагогикаси каби муҳим йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш учун ўзига хос платформа ҳисобланади.

Университет ўз олдига қўйилган устувор йўналишларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, уларни сифатли амалга ошириш, илм-фан ва таълим соҳасини тараққий эттириш, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш учун жами 8 та йўналишда илмий-тадқиқот институтини ташкил этди. Улар “Назарий ва амалий лингвистика”, “Адабиётшунослик”, “Таржимашунослик”,  “Хорижий тилларни ўқитиш методикаси”, “Медиа ва коммуникация”, “Экология”, “Валидация”, “Ижтимоий жараёнларни ўрганиш” илмий-тадқиқот институтларидир.

Аҳамиятлиси, ушбу илмий-тадқиқот институтлари ўз фаолият йўналиши бўйича нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Марказий Осиё мамлакатларида ҳам аналогига эга эмас.

Ушбу илмий-тадқиқот институтлари ўз олдига қатор мақсадларни қўйган бўлиб, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш, мутахассисликлар бўйича магистрлик диссертация мавзулари, аннотациялари, режаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, таянч докторант, докторант, мустақил изланувчи, стажёр-тадқиқотчи изланувчи ва ўқитувчиларнинг диссертация мавзуларини муҳокама қилиш, диссертацияларни янада такомиллаштириш мақсадида тадқиқотчиларнинг тайёр бўлган бобларини муҳокама қилиш ва тегишли маслаҳат, тавсиялар беришга алоҳида эътибор қаратади.

Университет қошида ташкил этилган янги илмий-тадқиқот институтлари мамлакатимиз таълим тизими сифатини ошириш ўзига хос улуш қўшади.  Бунинг учун олимларимизнинг куч-ғайрати, билим ва тажрибаси етарли.

 Камола Юсупова,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.