АГЕНТЛИК ҚОШИДА ХАЛҚАРО ТАРЖИМОНЛАР НОШИРЛИК УЙИ ФАОЛИЯТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

0
147
марта кўрилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 23 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ташриф буюрди.

Ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш, ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларга таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Она тилимизнинг бойлигини, унга ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунёга тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак», – деди Шавкат Мирзиёев университет мутахассислари билан суҳбатда.

Мазкур олий таълим муассасасининг ўзбек-инглиз таржима факультети, таржима назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, филология фанлари номзоди, таржимашунос Гулноза Одилова ўзининг ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларга таржима ва тарғиб қилиш механизми лойиҳасини Президентга намойиш этди. Шавкат Мирзиёев мазкур режани зудлик билан амалга ошириш чораларини кўриш лозимлигини қайд этди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Гулноза Одилова билан учрашув бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Халқаро таржимонлар ноширлик уйи фаолиятини йўлга қўйиш, тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу лойиҳа фаолиятига юртимиз ва чет эллардаги моҳир таржимон ҳамда муҳаррирларни танлов асосида кенг жалб этиш, миллий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириб, дунё тафаккури, маданияти, маънавияти ва маърифати юксалишида Ватанимизнинг салмоқли ҳиссасини қўшишга келишиб олинди.

Айни пайтда мазкур йўналишдаги ишлар бошлаб юборилган. Яқин кунларда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги қошида Халқаро таржимонлар ноширлик уйи фаолияти йўлга қўйилади. Унинг фаолиятидан наинки мамлакатимиз аҳолиси, балки дунё халқлари ҳам баҳраманд бўлишига ишонамиз.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.