Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:
1. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:
а) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
давлат олий таълим муассасаларида уларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилади;
ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасарруфида ушбу таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифи асосида Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;
давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди;
б) давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бир йилда икки марта – август ва январь ойларида ташкил этилади. Бунда:
август ойидаги қабул – навбатдаги ўқув йили учун тасдиқланган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ;
январь ойидаги қабул – дастлабки қабул натижаларига кўра тўлмаган ўринлар ҳамда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган қўшимча тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ амалга оширилади;
в) давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммаси бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади;
г) табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори Давлат комиссияси томонидан белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгиланади;
д) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
е) давлат олий таълим муассасаларига бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда чет эл фуқаросини тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли таълим йўналиши ва мутахассислик учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи берилади. Бунда, чет эл фуқароси олий таълим муассасаси томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра ўқишга қабул қилинади;
ж) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:
давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади;
давлат олий таълим муассасаларига (молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари бундан мустасно) тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора) томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади ҳамда ҳар йили 20 июнга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига мос келувчи имтиҳон фанлари мажмуаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда имтиҳон синовлари бошланишидан камида 6 ой олдин эълон қилинади.
2. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда – республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари) давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 1 000 та ўрин ажратиб борилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги давлат гранти асосида республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмачиси ҳисобланади;
ҳар йили 1 июлга қадар мазкур давлат грантининг олий таълим ташкилотлари ва бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тақсимоти Давлат комиссияси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг таклифлари асосида тасдиқланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонлари якунлангач бир ой муддатда баллар кетма-кетлигига риоя қилган ҳолда, энг юқори балл тўплаган ва давлат грантини олиш истагини билдирган талаба, тегишли олий таълим ташкилоти ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Бунда, талабанинг ишлаб бериш мажбурияти давомийлиги таълим йўналиши хусусиятини ҳисобга олган ҳолда давлат буюртмачиси томонидан белгиланади.
3. Хотин-қизларнинг олий таълим билан қамровини ошириш орқали давлат ва жамиятдаги фаоллигини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида шундай тизим жорий этилсинки, унга кўра:
а) Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномасини олган, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига қўшимча 2 000 та давлат гранти ажратилади. Бунда:
тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосида ажратиладиган қабул параметрларининг камида 50 фоизи аниқ ва табиий фанлар, техника ва тиббиёт йўналишлари орасида тақсимланади;
ҳар йили 20 июлга қадар тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти ўринларининг олий таълим муассасалари ва бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тақсимоти Давлат комиссияси томонидан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифлари асосида тасдиқланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
б) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидагилар қопланади:
2021/2022 ўқув йилида давлат олий таълим муассасалари магистратурасига талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг 2022/2023 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари магистратурасига ажратилган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган хотин-қизларнинг тўлов-контракт миқдори.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномаси асосида хотин-қизларни бакалавриатга қабул қилиш ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибларини тасдиқласин.
4. Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси (матн бўйича – Давлат комиссияси) ташкил этилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат комиссиясига қуйидаги ваколатлар берилсин:
зарурат бўлганда, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотидан келиб чиқиб, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш ҳамда ташкил этиладиган янги давлат олий таълим муассасалари қабул параметрларини белгилаш учун давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш, шунингдек, давлат буюртмаси параметрларининг таълим тиллари бўйича тақсимотини тасдиқлаш;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида олий таълим муассасаларининг (молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриат таълим йўналишлари бўйича базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб, табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорининг ягона кўрсаткичларини белгилаш.
5. Олий маълумотли кадрларни тайёрлашга оид давлат буюртмасини шакллантириш бўйича қуйидаги тартиб жорий этилсин:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доимий асосда республика ҳудудлари доирасида давлат органлари, иқтисодиётнинг реал тармоқлари ва соҳаларида таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва аниқ касблар бўйича олий маълумотли кадрларга бўлган талабни ўрганади ҳамда кейинги тўрт йилга мўлжалланган прогнозни шакллантириб боради;
ҳар йили 1 апрелга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар бир давлат олий таълим муассасаси бўйича таълим йўналишлари ва мутахассисликлар кесимида давлат гранти асосидаги давлат буюртмаси параметрлари лойиҳасини шакллантиради ҳамда кўриб чиқиш учун Давлат комиссиясига тақдим этади;
ҳар йили 1 майга қадар Давлат комиссияси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш бўйича давлат гранти асосидаги давлат буюртмаси параметрларини шакллантиради ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади.
6. Давлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали ҳар йили 20 июндан 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам), чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эса 10 июлга қадар (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.
Бунда, абитуриентларга:
тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш ҳуқуқи берилади;
рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш имконияти берилади.
7. Талабалар ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича қуйидаги тартиб жорий этилсин:
а) хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:
талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда тегишли олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
б) хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди;
в) давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида;
г) талабалар ўқишини республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан:
давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган тартибда;
давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади;
д) спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ҳамда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ, сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга рухсат берилади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари давлат олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини хавфсизлик талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда юқори савияда ташкил этишга шахсан масъул этиб белгилансин.
9. Белгилансинки:
давлат олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрлари доирасида грант асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш учун ажратиладиган давлат гранти Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртмасига кўра 2022 йилда Молия вазирлиги томонидан қўшимча равишда молиялаштирилади, 2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда Давлат тест маркази директори М.М.Каримов белгилансин.
Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ